Фарғонада 46 минг 436 қути ипак қурти парваришланади

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятида ипак қуртини парваришлаш ҳисобига жорий йилда 2 минг 786 тонна муҳим саноат хомашёси – пилла йиғиб олиш режалаштирилган. Бу борада фермер хўжаликлари ҳамда касаначилар билан белгиланган тартибда шартномалар тузилди.
Чилги ҳосил мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш учун ушбу юмушга жалб этиладиган 52 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг билим ва амалий кўникмалари оширилди.
— Ипак қурти уруғи вилоятдаги 3 та маҳаллий корхонада тайёрланди, — дейди Фарғона вилояти «Агропилла» МЧЖ бош агрономи Фаррух Мамадалиев. — Айни жараёнда ипак қурти уруғининг маҳаллий иқлим шароитига мослиги ва серҳосиллигига жиддий эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, ипак қуртини интенсив усулда парваришлаш кўлами ҳам тобора ошиб бораётгани ҳосилни эрта йиғиб олиш ҳамда озуқа базасини тежаш имконини бермоқда.
Шу кунларда пиллачилик кластерлари томонидан ипак қурти боқувчиларга мавсум учун керакли бўлган тўшама қоғозлар, термометр ва бошқа керакли ашёлар етказиб берилаётир.
Қўштепа тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Марямхон Йўлдошеванинг қайд этишича, айни кунларда туманда ипак қурти уруғини инкубатория шароитида жонлантириш мавсуми давом этмоқда. Бу борада ипак қурти уруғини янги технологиялар асосида парваришлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Ҳозиргача ишсизлиги сабаб «Аёллар дафтари»га киритилган 1500 нафар қўштепалик хотин-қизлар касаначилик асосида иш билан таъминланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг