Фарғона вилояти қўғирчоқ театри ТУРКСОЙнинг махсус соврини билан тақдирланди
Яқинда Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ томонидан “Ақтау – 2025 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти” сифатида эълон қилинди.
Шу муносабат билан ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар доирасида Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида “Nomad Puppet” I Халқаро қўғирчоқ театрлари фестивали бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Татаристон, Туркия ва Қозоғистон ижодий жамоалари иштирок этди.
Фестивалда мамлакатимиз номидан қатнашган Фарғона вилояти қўғирчоқ театри ижодий жамоаси ТУРКСОЙнинг махсус дипломи билан тақдирланди.
— Нуфузли ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, ижодий жамоамизга “Энг яхши актёрлик ансамбли” номинацияси ғолиблиги соврини топширилди, — дейди театр директори Таваккал Султонов. —Таъкидлаш жоизки, асосан ёш истеъдодлардан шаклланган театримиз 2022 йилдан буён халқаро ижодий фестивалларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Репертуаримиздаги миллий ҳамда жаҳон классик томошалари, сўзсиз ижро этиладиган ва миллий либослар ёрдамида талқин этиладиган мусиқали саҳна асарлари томошабинларга жуда манзур бўлаётир.

Яқин кунларда Қозоғистонда ўтказиладиган яна бир фестивалга таклифнома олганмиз. Бу ерда “Тойчоқ” номли саҳна асари намойиш этилади. Шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида Туркияда яна бир нуфузли анжуманда қатнашиш ҳамда мухлислар эътиборига “Мусиқали чойхона” асарини тақдим этиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб бориляпти. Театр жамоамизни маънан ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда Маданият вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг кўмаги беқиёс.
Айтиш жоиз, қардош Қозоғистонда ташкил этилган ўзига хос маданият ва санъат байрами доирасида Фарғона вилояти қўғирчоқ театри ҳамда барча иштирокчи театрлар ўртасида келгусидаги фаол ҳамкорлик юзасидан меморандумлар имзоланди.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг