Фарғона тинчлик форуми тантанали равишда ўз фаолиятини бошлади
Шу йилнинг 15-16 октябрь кунлари Фарғона вилоятида “Фарғона водийси: тинчлик ва тараққиёт йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш” мавзусида Фарғона тинчлик форумининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Нуфузли анжуман Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Прогрессив ислоҳотлар маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Тинчликни барпо этиш хаби ва бошқа халқаро тузилмалар ҳамкорлигида, шунингдек, БМТ ва Европа Иттифоқи кўмагида ўтказилмоқда.
Форумнинг асосий мақсади мулоқот, ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ҳамда Фарғона водийсини ҳар жиҳатдан ривожлантириш учун доимий платформа яратишдан иборатдир.
Унда МДҲ, Осиё, Европа ва АҚШнинг етакчи таҳлил марказлари экспертлари, Марказий Осиё давлатларининг фуқаролик жамияти институтлари, тадбиркорлар, илм-фан намояндалари ҳамда фаол ёшлар иштирок этмоқда.
Юзма-юз мулоқотларга БМТ, ШҲТ, МДҲ, ЕИ, ЕХҲТ каби ўнлаб нуфузли халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари ҳам таклиф этилган.

15 октябрь куни эрталаб Фарғона шаҳрида Фарғона тинчлик форуми биринчи йиғилишининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда дунёнинг турли мамлакатлари ва халқаро тузилмалар, шунингдек, Тожикистоннинг Сўғд ва Қирғиз Республикасининг Боткен вилояти раҳбарлари қатнашди.
Тантанали маросимни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов очиб, илк бор ўтказилаётган Фарғона тинчлик форуми халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим майдон бўлаётганини қайд этди.
Тинчлик форумининг биринчи йиғилишида сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров барча иштирокчиларни анжуман билан қутлади. Фарғона тинчлик форуми — бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик минтақасига айлантириш сиёсатининг амалдаги ифодаси эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, Сўғд ва Боткен вилояти раҳбарлари сўнгги тўққиз йил ичида мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатлари мисли кўрилмаган даражага етгани, Президентларимизнинг очиқ ва прагматик сиёсати, дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари туфайли Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилганлигини қайд этдилар.
Айни пайтда форум тадбирлари белгиланган дастур доирасида давом этмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 1 март — Зулфия таваллуд топган кун. «Бугун тунда келармиш баҳор»
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг