Фарғона — китоб ва маърифат маскани
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ўзбек адабиётининг шаклланиши ва ривожида Фарғона адабий муҳити алоҳида ўрин тутади. Тарихий манбаларга кўра, Қўқон адабий муҳити таъсирида 300 нафардан зиёд шоир ва ёзувчилар камол топган. Улар орасида Нодирабегим, Увайсий, Муқимий, Завқий каби мумтоз адабиётимиз намояндалари бор.

Бугунги кунда ҳам Фарғона аҳли китоб ва ижодкорларни ардоқлайди. 2024 йилнинг 14–17 май кунлари вилоятда ўтказилган «Халқаро китобхонлик фестивали» ҳамда вилоят марказидаги Каштанзор кўчасида китобга қўйилган ҳайкалнинг очилиши бунинг яққол ифодасидир.

Фарғона вилоятида китобхонликни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан жорий йил «Китобхонлик йили» деб эълон қилинди. Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамда бошқа муассасалар билан ҳамкорликда «Давлат хизматчиси кутубхонада бир кун» лойиҳаси амалга оширилди ва 100 мингдан ортиқ фуқаро кутубхона аъзолигига қабул қилинди.

— Фарғона китобхонларни беҳад қадрларкан, шу боис бу дилбар юртга келганимдан жуда мамнунман, — дейди Малайзия Миллий кутубхона корпоратив хизматлар бўйича директори Сухайла Абд Раҳмон. — Фестиваль кун тартиби қизиқарли ва амалий мулоқот, мунозараларга бойлиги билан эътиборга молик.

Ахборот-кутубхона маркази 14 миллиард сўм маблағ эвазига тўлиқ таъмирланди. Унда анъанавий, электрон ва виртуал кутубхона хизматлари йўлга қўйилди. Мутолаа, муҳокама, компьютер хоналари, медиа-студиялар, илмий-тадқиқот ва болалар бўлимлари, шунингдек, хорижий тилдаги адабиётлар учун махсус зал фаолият юритмоқда. Бугунги кунда марказ кунига 900 нафардан зиёд китобхонга хизмат кўрсатмоқда.

Фестиваль доирасида «Central Asia – 2025: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» мавзусида XVIII халқаро конференция ҳам ташкил этилди. Унда дунёнинг ўнлаб давлатларидан мутахассислар, олимлар ва ижодкорлар иштирок этди. Конференция доирасида китоб ярмаркалари, муаллифлар билан учрашувлар, янги нашрлар тақдимотлари, интеллектуал ўйинлар ўтказилди.

Тадбирлар давомида китобхонлик ва ахборот-кутубхона соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшаётган фаоллар «Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирландилар. Улар орасида 85 ёшли Ҳусанбой Эргашевнинг маҳаллада ташкил этган шахсий кутубхонаси ҳам муносиб эътироф этилди.

— Ўз хонадонимда маҳалла болалари учун кутубхона ташкил этганман, — дейди Риштон туманининг «Носгар» МФЙда яшовчи 85 ёшли Ҳусанбой ота Эргашев. — Вилоятимизда ўтказилаётган китобхонлик байрамида мен ҳам «Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу жуда ҳам қувонарли. Келажагимиз ворислари қалбида китобга меҳр уйғотиб, китоблар оламида яшаб, ҳамиша ўзимни бахтиёр ҳис этаман.
Дарҳақиқат, Фарғонада китобга бўлган эҳтиром юқори. Вилоят марказида ўрнатилган китоб ҳайкали — ушбу маърифатпарварликнинг тимсоли сифатида янада кўпроқ авлодларни китобга ошно этишга хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг