Фаол тадбиркорлар муносиб тақдирланди

13:14 22 Август 2022 Жамият
354 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимизда 20 август – Тадбиркорлар куни муносабати билан иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришга инновацияни жорий этишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги билан намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ тадбиркорлар Президентимиз Фармойишига кўра «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Фарғона вилояти ҳокимлигида мазкур мукофотни ўз эгаларига топширишга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров юксак эътирофга сазовор бўлган тадбиркорларни қутлаб, уларнинг ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожига кўшаётган ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Шундан сўнг “Musavartex” МЧЖ раҳбари Фарҳод Булатов, “BS textile Fargona” МЧЖ раҳбари Икромжон Воҳидов, “Fargʼona ibratli begim” МЧЖ раҳбари Шаҳноза Ғаниева ва “Lux yan tex” МЧЖ раҳбари Хуршиджон Меликўзиевга «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони топширилди.

Президент Фармойиши билан «Фаол тадбиркор» кўкрак нишонига муносиб кўрилган фарғоналик яна тўрт нафар тадбиркор – “Ilyasov” МЧЖ раҳбари Фахриддин Илясов, “Bolajon orzusi” МЧЖ раҳбари Ҳумоюн Аъзамов, “Art house sadosh” МЧЖ раҳбари Садоқат Мирзаева ва “Havvo group” МЧЖ раҳбари Маҳмуджон Парпиев Тошкентда бўлиб ўтадиган тантанали тадбирда тақдирланиши кўзда тутилган.

— Биз хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш, қайта тайёрлаш фаолияти билан шуғулланамиз, — дейди фаол тадбиркор Шаҳноза Ғаниева. — Айни жараёнда турли ижтимоий дафтарларга киритилган оила бекалари, битирувчи ёшларни имтиёзли равишда ўқитамиз. Олис ҳудуд ва маҳаллаларда яшовчи хотин-қизлар учун алоҳида квота ўринлари ажратилади. Бугунги тақдирлаш маросимида озми-кўпми халқ манфаати учун қилаётган ишларимиз давлатимиз раҳбари эътиборида эканидан ғоятда мамнунлик туйдим. Шуниси аниқки, бундай эътибор ва рағбат бизни янги-янги бизнес ғояларини ҳаётга татбиқ этишга ундайди.

Хоразм вилоятида бўлиб ўтган тадбир ҳам мана шундай кўтаринкилик касб этди. Вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов тадбир иштирокчиларини қутлуғ сана билан самимий муборакбод этиб, бир гуруҳ тадбиркорларга «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони, шунингдек, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғаларни топширди.

— Камтарона меҳнатим қадрланиб, «Фаол тадбиркор» кўкрак нишонига муносиб кўрилганимдан жуда миннатдорман, — дейди «Гурлан экспорт» МЧЖ раҳбари Манзура Машарипова. — Президентимизнинг тадбиркорлар билан ўтказадиган анъанавий учрашувини интиқлик билан билан кутяпмиз. Албатта, бу йилги учрашув ҳам қизғин мулоқотлар, фикр алмашувларларга бой бўлади ва соҳадаги қатор муаммоларга самарали ечим топилади.

 

Ботир Мадиёров,

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер