Европа Иттифоқи мудофаа учун 200 миллиард евро сармояга муҳтож — Эммануэль Макрон

16:48 03 Март 2025 Дунё
267 0

Архив фото

Европа давлатлари мудофаа харажатлари учун 200 миллиард евро сармоя жалб қилиши керак, бу бюджетнинг 3-3,5 фоизини ташкил қилиши керак. Бу фикрларни Франция президенти Эммануэль Макрон Италиянинг «Foglio» газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен пайшанба куни бўлиб ўтадиган Украина саммитида Европа Иттифоқининг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш стратегиясини тақдим этишини илгари сурган эди. «Bloomberg»нинг хабар беришича, Европа Иттифоқи мудофаа учун қўшимча маблағ ажратиш учун юзлаб миллиард евро ажратиш ниятида. Бу бюджет қоидаларини ўзгартириш, мумкин бўлган биргаликда молиялаштириш ва мавжуд маблағларни қайта тақсимлашни ўз ичига олади.

«Бошида сармоя киритиш учун бизга 200 миллиард евро керак, лекин шу билан бирга, мен учун пайшанба кунги муҳокамадан мақсад — биз ўз ваколатларимизни ошириш ва Европанинг кенг автономиясига эришмоқчи бўлган умумий имкониятларни аниқлаш», — дейди Макрон.

Президент Россиянинг мудофаа харажатларини ҳам мисол қилиб келтирди.

«Америкаликлар нима қилишмасин, бизни нима кутаётганига тайёргарлик кўришимиз керак», — дейди Франция етакчиси.

«Foglio» нашрининг таъкидлашича, у Европа учун мудофаа харажатларини «ялпи ички маҳсулотнинг 3-3,5 фоизи атрофида» белгилаб қўйган.

Аввалроқ, АҚШ президенти Дональд Трамп Европани НАТОнинг мудофаа салоҳиятига қўшган ҳиссаси пастлиги учун бир неча бор танқид қилган ва барча аъзо давлатлардан мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача оширишни талаб қилган бўлса, Пентагон котиби Пит Хегсет АҚШ Европадаги ҳарбий иштирокини ҳозирча қисқартиришни режалаштирмаётганига ишонтирди.

61-Мюнхен хавфсизлик конференциясида АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс НАТО Бош котиби Марк Рютте билан учрашувда Европа Иттифоқи давлатларининг мудофаа харажатларини ошириш ва иттифоқ доирасидаги юкни адолатлироқ тақсимлаш зарурлиги ҳақида гапирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?