Европа давлатлари, АҚШ, Японияда савдо дўконларимизни очамиз — Муртазо Раҳматов

08:45 09 Ноябрь 2020 Кластер
2562 0

“BCT Cluster” ва “ТCT Cluster” кластерлари раҳбари, сенатор Муртазо Раҳматов «Халқ сўзи онлайн»га берган интервьюсида пахтани экишдан тортиб, хом ашёни чуқур қайта ишлашга қадар бўлган «занжир»ли жараён афзалликлари ҳақида тўхталар экан, тайёр маҳсулот реализацияси масаласига алоҳида тўхталди.

— Кейинги уч-тўрт йил ичида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида кластерларнинг жорий этилишини инқилобий ўзгариш деб баралла айтиш мумкин.

 Хабарингиз бор, Бухорода бешта фабрикадан иборат тўқимачилик мажмуамизнинг ишга тушиши билан юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга киришдик.Кўриб турганингиздан сифатли жинси матодан тайёрланган бош кийимдан тортиб эгнимиздаги кийимгача ҳаммаси ўзимизнинг маҳсулот. Биз шу тариқа ўз брендимизни яратиб,занжирнинг охирги бўғинини боғладик.

 Энди тайёр маҳсулот реализацияси масаласи бор.Биз республикамиз ҳудудида 20-30 та, 50 тагача савдо дўконларимизни очаяпмиз. Дастлабкилари фаолият кўрсатишга киришди.

Мамлакатимиз раҳбариятига раҳмат. Ўзбекистоннинг чет эл давлатларидаги элчихоналари кўмагида хорижда савдо тармоқларимизни ишга тушириш тадбирларини кўряпмиз. Масалан, Германиянинг Мюнхен, Дрезден каби йирик шаҳарларида нисбатан арзон, сифатли, харидоргир, рақобатбардош маҳсулотларимизни сотиш билан шуғулланадиган дастлабки 7 та савдо дўконимизни очиш саъй-ҳаракатидамиз. Умуман, яқин истиқболда Европа давлатлари, Болтиқбўйи республикалари, Япония ва ҳатто жинси мато ватани саналган АҚШ да юзлаб савдо шохобчаларимиз фаолият юритишга киришади. Бунинг учун озгина вақт керак, холос.

 Гап шундаки, жинси кийим-кечаклар дейлик, Германияда 70—100 евродан сотиляпти. Биз ҳозир ойига бир миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз. Тасаввур қилинг-а, уларни 15 доллардан сотган тақдиримизда ҳам бу 15 миллион доллар бўлади. Хом ашёнинг 1 килограммидан 2 та юпқа жинси ишлаб чиқариш мумкин. Бу 1 килограмм пахта 30 долларга айланишини англатади. Менинг орзуим 5 йилда пахта-тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 50 миллиард долларга етказиш. Вьетнам, Бангладеш каби давлатлар тажрибаси бу мақсадга бемалол етиш мумкинлигини кўрсатяпти. Дейлик,  Вьетнамда бир дона ғўза ўсмайди. Лекин 50 миллиард доллар миқдорида пахта тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилади. Биз кейинги босқичда бошқа йўналишлар, масалан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш орқали мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш ниятидамиз.

Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, давлатимиз тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаяпти. Шу боисдан мен мамлакатимизнинг келажаги ҳар жабҳада жуда ҳам юксак деб ҳисоблайман.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?