Эртамиз эгаларига эътибор – жиддий масала

12:54 09 Ноябрь 2020 Жамият
650 0

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

Таълим ва тарбияни бугун кичик ёшдан болага сингдириш муҳим саналар экан, болалар боғчаси жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Бунда яхши шароитга эга ўқув даргоҳлари барпо этиш, малакали педагоглар етиштириш кўндаланг вазифамизга айланади. Шу мақсадда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Тошкент вилоятидаги 4 та МТТ ҳамда Ўрта Чирчиқ туманидаги педагогика коллежига инфо-тур ташкил этилди. Унда янги очилган ва қайта таъмирланган мактабгача таълим ташкилотлари, дуал тизимидаги илк педагогика коллежи ва болаларнинг ақлий ривожланиши учун ташкил қилинган турли дастурлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

“Кичкинтой божхоначилар” янги боғчага қабул қилинди

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

Экскурсия аввалида Мактабгача таълим вазирлиги мутасадди вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари Қуйи Чирчиқ туманидаги Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси кўмагида қурилган 24-сонли МТТга ташриф буюрди. Берилган маълумотларга кўра, Қўрғонча қишлоғи, Тўқбой маҳалласида ташкил этилган “Кичкинтой божхоначилар” номли ушбу муассаса ҳудуддаги ягона болалар боғчаси саналади. Даргоҳ билан танишар эканмиз, ушбу муассаса ҳудуддаги боғча ёшдаги барча болаларни қамраб олишга етадими?

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

 – 24-сонли МТТ  туманнинг чекка ҳудудида қурилган бўлиб, бу ерда бошқа МТТлар мавжуд эмас. Муассаса ўрни ва атрофи бўш жойлардан иборат жарлик бўлган. Кейинчалик ерости сувлар ҳайдалиб, ер сатхи текислангач, қурилиш ишлари олиб борилди ва 160 ўринли болалар боғчаси барпо этилди. Ҳозирда муассасага 200 та тарбияланувчилар қисқа ва тўлиқ муддатли гуруҳларга қабул қилинган. – дейди Қаҳрамон Олимов, Мактабгача таълим вазири ўринбосари.

Мобил боғчаси республика бўйича 16 та. Аммо…

Журналистлар учун ташкил этилган пресс-тур мобайнида вазирлик ва ҳайрия фаолияти шаклидаги давлат-хусусий шериклигида барпо этилган болалар боғчаси билан яқиндан таништирилди. Келес шаҳрида жорий йилда янгидан ишга туширилган 12-сонли “Олтин балиқча” МТТ Мактабгача таълим вазирлиги таркибига олиниб, korzinka.uz ҳомийлигида қайта таъмирланди. 480 ўрин ҳамда 25 та иш ўрнига эга муассаса тўла, вақтли гуруҳлардан ташқари, ташкилотда 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш бўйича бепул қисқа муддатли гуруҳлар ҳам фаолият юритади. Муассасада болаларнинг ақлий ривожланиши учун алоҳида дарс хона, тиббиёт хонаси, спорт майдончаси, ўйингоҳ, шинам ошхона ва ётоқхоналарга эга.

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

Шу билан бирга, Янгийўл туманида фаолият юритадиган “Isuzu” автобуси воситасида мобил МТТ иштирокчилар эътиборини тортди. Мутасаддиларнинг таъкидлашига кўра, кун давомида, автобус  белгиланган манзилларга бориб, у орқали 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар мактабгача таълимга жалб қилинади. Ўқитувчилар ўқувчилар билан турли ёш гуруҳлари учун мўлжалланган дастур бўйича иш олиб борадилар, автобус маршрутининг ҳар бир нуқтаси тўсиқлар, курси, арғимчоқ, ўйингоҳ ва болалар майдончалари билан жиҳозланган.

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

“Ақлвой” мобил МТТ оддий мактабгача таълим ташкилотлари бўлмаган чекка қишлоқ жойларида фаолият кўрсатади. Бугунги кунда ушбу мобил боғчалар сони республикада 16 та. Аммо бу кам. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар болалари учун бепул ташкил этилган бу турдаги кўчма боғча сони яна кўпайтирилиш лозим. Зеро, чекка ҳудудларда, айниқса тоғли, чўлли ҳудудларда бунга эҳтиёж кўпроқ сезилади. Шундай эмасми?

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

Яхши боғча – яхши келажак

Инглиз тилига ихтисослаштирилган “Erudit kids planet” 100 ўринли оилавий мактабгача таълим ташкилотидир. МТТда 15 нафар ўқитувчи ва маъмурий ходимлар фаолият кўрсатади. Шунингдек, ушбу хусусий боғчада хореография, мусиқа, тасвирий ва бошқа хил тўгараклар ташкил этилган. Умуман, 10 ярим соат мобайнида болалар бўш қолмаслиги, зерикмаслиги, асосийси хавфсиз бўлиши учун барча шароитлар муҳайё экани алоҳида эътиборли.

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

– МТТда барча белгиланган ҳавфсизлик чоралари кўрилган: ниқоб режими ва ижтимоий масофа сақлашга риоя этилади, болалар ва ходимлар эрталаб текширувдан ўтказилади ҳамда ҳарорат кунига икки марта ўлчанади. Гуруҳларда тозалаш кунига 4 марта амалга оширилади, бинолар жадвалга мувофиқ шамоллатилади. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар давлат боғчалари нархида тўлов қилади.  – Азиза Ўлмасова, муассаса мудираси.

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

Мактабгача таълим ташкилоти ёнида жойлашган Тошкент вилоят педагогика коллежи дуал таълим жорий этилган биринчи ўқув юрти бўлади. Коллеж ўқувчилари академик билим олиш билан параллел равишда болалар билан ишлаш бўйича амалий кўникмаларни ривожлантирадилар.

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

 Экскурсияда дуал таълим моделининг анъанавий таълимга нисбатан устунлиги ундаги назария ва амалиётнинг мустаҳкам боғлиқлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бунда ўқувчилар ўрганаётган билимлари ва олган маълумотларини ўз ишларига қандай тадбиқ этиш мумкинлигини биладилар. Бундай ёндашув натижасида мактабгача таълим тизими нафақат педагогик билимларни ўзлаштирган, балки болалар билан ишлашни биладиган ўқитувчиларга ҳам эга бўлади.

Фото: Алихан Утарбеков / «Халқ сўзи»

 

Юлдуз Ўрмонова

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?