Эркак ўқитувчилар мактабга қайтишяптими?

14:29 08 Июнь 2021 Жамият
782 0

Болалигимизни яхши эслайман. Тошқул Қаюмов деган адабиёт муаллимимиз бўларди. Басавлат. Бўйдор. Талабчан. Билимли. Маданиятли. Дарсга кира солиб, изоҳли машқ ёздирарди: «Аввал ғиштин қийшиқ қўяркан меъмор, Юлдузга етса ҳам қулар бу девор».

Муаллим шу тариқа ҳар сафар Мирзо Бедил, Алишер Навоий, Фузулий, Умар Хайём каби буюк шоирларнинг ибратомуз байтларидан ёздирар ва икки-уч дақиқа ичида онгу шууримизни нурга чулғантириб юборар, беихтиёр дунёни бошқача идрок эта бошлардик.

Кўзларида устозу оталарга хос меҳру муҳаббат чақнаб турган, ҳар сўзини етти ўйлаб кейин айтгучи бу муаллимни ҳаммамиз ҳурмат қилардик. Йўлда учратиб қолсак, ҳурмат сақлаб турардик. Салобати босарди. Ўта шўх, ерга урса, осмонга сапчийдиган айрим тенгқурларимиз ҳам унинг олдида қўйдек ювош тортиб қолишганини яхши эслайман.

...Фалакнинг гардишини қаранг, орадан 40—45 йил бир зумда ўтиб кетди. Яқинда ўзим ўқиган мактабда ҳозир эркак адабиёт муаллими бормикан, деб қизиқиб кўрдим. Йўқ, дейишди. Ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларининг барчаси хотин-қизлар экан. Бунинг ҳеч бир зиёни йўқ, албатта. Ўқитувчиликдек машаққатли касб этагидан тутган аёлларни ҳар қанча эъзозласак арзийди.

Шундай деймизу аммо ҳаётнинг ёзилмаган қонунларидан ҳам кўз юма олмаймиз. Худди оилада бўлганидек, мактабда ҳам эркак ўқитувчининг ўз ўрни бор. Ундаги вазминлик, босиқлик, қаттиққўллик, талабчанлик, жўмардлик боланинг шахс сифатида камол топишида муҳим роль ўйнайди.

— Яшириб нима қилдик, яқин-яқингача "мажбурий меҳнат" деган нарса муаллимнинг ёзилмаган иш режасидан ўрин олганди, — дейди Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Ирода Орипова. — Пахта йиғим-теримидан тортиб, ободончилик ишларигача ўқитувчиларни ёллашар эди. Муаллимнинг обрўйи, шаъни, қадри ҳаминқадар баҳолангани туфайли кўплаб ўқитувчилар бошқа соҳаларга ўтиб кетишди. Жуда кўп эркак муаллимлар замона зайли билан тизимни тарк этишди.

Шу ўринда бир далилга эътиборни қаратмоқчимиз.2016 йилда вилоятдаги 536 та мактабда 22871 нафар педагог кадрлар асосий штатда, 687 нафари эса ўриндошлик асосида ишлаган. Тизимда эркак ўқитувчилар сони атиги 5486 нафарни ташкил этган.

— Кейинги йилларда давлатимиз томонидан ўқитувчи меҳнатини қадрлаш, муаллимларни жамиятимизнинг обрўли, нуфузли вакилларига айлантириш йўлида катта ишлар амалга оширилди, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Д. Мустафоева. — Яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар туфайли вилоят халқ таълими тизимида эркак ўқитувчиларнинг сони 2020 йилда 2016 йилдагига нисбатан 1612 нафарга ошиб, 7079 нафарга етди. Бу кўрсаткич умумий ўқитувчилар сонига нисбатан 24,8 фоизни ташкил этмоқда.

Ҳа, эркак ўқитувчилар мактабга аста-секин қайтишмоқда. "Эртага ўқитувчи бўламан", дея олий ўқув юртига ҳужжат топшираётган йигитлар сони ҳам кўпаймоқда.

— Буни мен яхшиликка йўяман, — дейди бир умр мактабда ишлаган, айни дамда кексалик гаштини сураётган муаллимлардан бири Ҳаким Ражабов.—Шахсан ўзим невараларимга аёл ўқитувчилар қаторида эркак муаллимлар ҳам сабоқ беришини жуда-жуда истайман. Бу уларнинг ҳам оила, ҳам жамият учун керакли инсон бўлиб етишишларида асқатади.

Ҳақ гап. Шундай экан, ҳар бир мактабнинг ўз Қаюмовлари бўлганига нима етсин?!

Истам ИБРОҲИМОВ,
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?