Эрдўғон Туркия ТИВга АҚШ ва яна тўққиз мамлакатнинг элчиларини мамлакатдан чиқариб юборишни буюрди

18:43 24 Октябр 2021 Дунё
721 0

Фото: Reuters

Бунга уларнинг ҳуқуқ ҳимоячиси Усмон Кавалани озод қилишга чақириқлари сабаб бўлди.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон мамлакат ташқи ишлар вазирлигига ўнта давлатнинг элчиларига персона нон-грата эълон қилиб, мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида буйруқ берган.

Гап Германия, Швеция, АҚШ, Франция, Финляндия, Дания, Норвегия, Нидерландия, Канада ва Янги Зеландия дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳақида бормоқда.

Бу давлатларнинг дипломатлари 18 октябрь куни Туркия ҳукуматини 2016 йилда давлат тўнтаришига уринишда иштирок этганликда айбланган ҳуқуқ ҳимоячиси, тадбиркор ва “Anadolu Kültür AS” маданий жамғармаси асосчиси Усмон Кавалани озод этишга чақирган эди.

Кавала ҳибсга олинганига тўрт йил бўлди. Дипломатик ваколатхоналар Каваланинг суд жараёнини «демократия ва қонун устуворлиги ҳамда суд тизимининг шаффофлигига доғ» деб атади.

2020 йилда суд давлат тўнтаришда иштирок этганликда айбланган Кавалани оқлади. Лекин кейинчалик ҳибсга олиш учун янги ордер берди. 

Эрдўғоннинг кўрсатмаларига қарамай, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳали юқорида айтилган ўн мамлакатнинг элчиларини персона нон-грата деб расман эълон қилмаган. Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги элчиларнинг чақирувини тасдиқлади ва бу уларга дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясини бажариш зарурлигини эслатди.

Ҳозирча Германия ва Норвегия ўз элчиларини персона нон-грата деб эълон қилишга жавоб берди.

«Биз Туркия президенти Эрдўғоннинг баёнотларини эътиборга олдик», — дейилади ГФР ТИВ хабарида. Уларнинг таъкидлашича, айни пайтда бу масала бўйича бошқа тўққиз мамлакат билан маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.

Норвегиянинг Анқарадаги элчихонаси эса ҳозирча Туркия ҳукуматидан элчининг чиқариб юборилиши борасида ҳеч қандай маълумот олмаганини билдирган.

«Бизнинг элчимиз мамлакатдан чиқариб юбориш учун арзигулик иш қилмаган. Биз Туркияни демократик нормаларга ва қонун устуворлигига риоя этишга чақиришда давом этамиз - бу давлат Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясига кўра ҳам бунга мажбур», деган Норвегия ТИВ матбуот котиби Труде Маасейде.

2016 йил 15 июлда Туркияда давлат тўнтаришига уриниш содир бўлди. Натижада 248 киши ҳалок бўлди, 2,7 мингдан ортиқ киши тан жароҳати олди. Бу воқеалардан сўнг республикада ҳокимият, махсус хизматлар, судлар, армия, таълим муассасаларида оммавий тозалаш ишлари олиб борилди, 50 мингга яқин киши ҳибсга олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?