Энг кўп баҳсларга сабаб бўлган «Олтин тўп» Родрига насиб қилди

08:05 29 Октябр 2024 Спорт
821 0

Франциянинг Париж шаҳрида 2024 йилги «Олтин тўп» соҳибини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Овоз бериш натижаларига кўра, «Манчестер Сити» футболчиси Родри 2024 йилги «Олтин тўп» соҳибига айланди. Родри ўтган мавсумда «Манчестер Сити» билан биргаликда Англия чемпионлигини қўлга киритди, шунингдек, Испания термаси билан Евро ғолибига айланди ва ушбу турнирнинг энг яхши футболчиси совринини қўлга киритганди.

Кейинги ўринларни мос равишда Виниcиус Жуниор («Реал»), Жуд Беллингем («Реал»), Дани Карвахал («Реал»), Эрлинг Ҳоланд («Манчестер Сити») ва Килиан Мбаппе («ПСЖ» / «Реал») эгаллаган.

Айтиш жоиз, сўнгги ҳафталарда «Реал Мадрид» аъзоси Виниcиус Жуниор «Олтин тўп» пойгасида фаворит бўлиб келаётганди, бироқ якунда «шаҳарликлар» аъзоси унда ғолиб чиқди. Шубҳасиз, «Реал Мадрид» овоз бериш натижаларидан ғазабда.

Қайд этилишича, Мадрид клуби делегацияси норозилик белгиси сифатида маросимни бутунлай бойкот қилган ва жамоа аъзоларининг ҳеч бири Парижга бормаган.

Шунингдек, қуйида мавсумнинг «энг-энг-энг»лари билан танишишингиз мумкин:

  • «Барселона» аъзоси Айтана Бонмати аёллар ўртасидаги «Олтин тўп»га лойиқ кўрилди.
  • «Барселона» футболчиси Ламин Ямал энг яхши ёш футболчига бериладиган «Kopa Trofi» совринини қўлга киритди.
  • Мадриднинг «Реал» жамоаси йилнинг энг яхши клуби деб топилди.
  • «Реал Мадрид» бош мураббийи Карло Анчелотти йилнинг энг яхши мураббийи деб топилди.
  • Женифер Эрмосо эса «Sokrates» номидаги соврин соҳибига айланди.
  • Аргентина терма жамоаси ва «Астон Вилла» дарвозабони Эмилиано Мартинес энг яхши дарвозабонга бериладиган «Lev Yashin» совринига эга чиқди.
  • «Бавария» ҳужумчиси Ҳарри Кейн ҳамда «Реал» аъзоси Килиан Мбаппега энг яхши тўпурарга бериладиган «Gerd Myuller» соврини насиб этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?