Энг фаол муаллифга автомобиль совға қилинадиган бўлди

11:44 02 Декабрь 2025 Жамият
170 0

Бугун Бобур шаҳрида экология ва атроф-муҳитни яхшилаш, ҳаво ифлосланишининг олдини олишга қаратилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Андижон вилоят ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, шу кунларда юзага келган вазият ҳудуд учун жиддий хавф туғдираётгани ҳақида гапирди.

Анжуманда алоқадор ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва ахборот хизмати ходимлари қатнашдилар.

Вилоят раҳбарининг таъкидлашича, экологик муаммолар дунё миқёсида муҳим долзарблик касб этмоқда. Таҳлилларга кўра, ҳаво ифлосланишининг 40 фоизи табиий омилларга, 60 фоизи эса инсон фаолиятига тўғри келмоқда.

Тадбирда ҳудудда экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар батафсил маълум қилинди. Жумладан, саноат корхоналарида мониторинг станциялари ўрнатилаётгани, 15 кунлик экологик тадбирлар эълон қилингани, ишчи гуруҳлар куну-тун фаолият юритаётганлиги қайд этилди.

Шу вақтгача атроф-муҳитга зарар етказаётган 85 та корхона фаолияти тўхтатилгани, ижтимоий соҳа объектларида кўмирдан фойдаланиш қисқартирилгани, саноат корхоналарида фильтрлар ўрнатиш мажбурияти белгилаб қўйилгани билдирилди. Қурилиш майдонларида чангни камайтириш, ариқларни тозалаш ҳамда чиқиндилар ва хазон ёқилишининг олдини олиш бўйича амалий ишлар йўлга қўйилгани таъкидланди.

Анжуманда экологик маданиятни юксалтиришда жамоатчилик ва ОАВнинг ўрни муҳим экани қайд этилди. Шу муносабат билан фаол журналист ва блогерлар учун танлов эълон қилинди. Унга кўра, 10 нафар ғолибларни ҳокимликнинг расмий совғалари билан, биринчи ўрин соҳибини эса автомобиль билан тақдирлаш режалаштирилгани маълум қилинди.

Тадбир якунида вилоят раҳбари ОАВ ва мустақил журналистларнинг таклифларини тинглаб, экология соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан уларни қизиқтираётган саволларга батафсил жавоб берди.

Саминжон ҲУСАНОВ, ”Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер