Энг баланд ҳудуддаги энг чекка сайлов участкаси сайловга шай

17:10 21 Октябр 2021 Жамият
436 0

Фото: Саминжон Ҳусанов / Халқ сўзи

931-сайлов участкаси республикамизнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланмиш Хонобод шаҳридаги Хидирша қишлоғида жойлашган. Манзил қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош бўлгани боис бу ерда ўзбек ва қирғиз миллати вакиллари бир оила аъзоларидек истиқомат қиладилар.

— Сайлов участкаси денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган, — дейди 2-Андижон сайлов округи матбуот хизмати котиби Рустамжон Эшонов. — Шу боис у республикамизнинг энг чекка сайлов участкаси бўлиш билан бир қаторда Андижон вилоятида энг баланд ҳудуддаги маскан саналади.

Сайлов участкасида яратилган шароитлар билан танишдик. Амалдаги тартиблар асосида барпо этилган участка сайловга тайёр. Юқорида айтилганидек, маскан Андижон вилоятининг қир-адирлардан иборат энг юқори чўққисига жойлашгани сабабли бу ерга енгил автомашиналарда бориш мумкин. Лекин барча автомашина ҳам бунинг уддасидан чиқа олмайди. Шу боис сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Алчалиқ маҳалласига кўчма сайлов қутисини олиб боришга тўғри келади.

— Сайловчиларимиз сони 716 нафар, — дейди 931-сайлов участкаси раиси Гулмира Ашурова. — Ҳамқишлоқларимиз ўзлари муносиб деб билган номзодга овоз беришда фаоллик кўрсатишига ишонаман.

— Яшириб нима қилдик, бир пайтлар бир оилада неча киши яшаган бўлса, ҳамманинг номидан бир киши овоз бериб келаверарди, — дейди шу қишлоқда яшовчи Сайқал Асқарова. — Энди бундай қилишга ҳаққимиз йўқ. Қишлоимизда ҳеч ким ўз келажагига, мамлакат тақдирига бефарқ эмас.

Хулоса қилиш мумкинки, республикамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам бу йилги сайловга тайёргарлик ишларига жиддий ёндашилган. Муҳими, сайловчилар бу борада ўз бурч ва мажбуриятларини яхши биладилар.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?