Энг арзон гуруч Бувайдада

Гуруч оқсил, углеводларга бой маҳсулот. Миллий таомларимизнинг таркибини асосан гуруч ташкил этади. Йилнинг тўрт фаслида ҳам унга талаб юқори. Асрлар мобайнида пазандачилик соҳасида гуруч ўз мақомини йўқотмай келмоқда.
Айни пайтда Фарғонада энг арзон гуруч бозорини изласангиз, у – Бувайдада. Туман марказида жойлашган “Деҳқон бозори”даги гуруч расталаридаги серобчиликдан қалбингиз яйрайди. “Лазер”, “Аланга” каби маҳаллий гуруч навларининг бир килосини 15-20 минг сўмгача харид қилиш мумкин.
— Бугунги кунда “Бувайда”, “Бачқир”, “Янгиқадам”, “Бегобод”, “Оқтепа”, “Хонобод”, “Бештарак” сингари ўндан ортиқ МФЙлари аҳолиси айнан гуруч етиштиришга ихтисослашган, — дейди Бувайда тумани ҳокимлиги мутахассиси Аброржон Мамадалиев. — Ҳар йили туманда ўртача 3,5 минг гектар ерга шоли экилиб, 1000 тоннадан зиёд гуруч олинади.
Замонавий ёндашувлар асосида кейинги йилларда эски “ойжувоз”ларнинг кўпи янги технологияларга алмаштирилди. Шолини қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш жараёни тобора кенгайиб бормоқда. Шоли экиладиган майдонларнинг 80 фоизида лазерли текислаш техникалари ёрдамидан фойдаланиляпти. Натижада сўнгги беш йилда ҳар гектар ердан олинадиган ҳосил салмоғи 32-35 центнердан 45-50 центнергача кўтарилишига эришилди.
– “Янгиқадам”да шоличилик маҳалланинг асосий драйвери ҳисобланади, – дейди Маҳалла раиси Умиджон Юсупов. – Илгари қўлбола тегирмонда бир кунда нари борса 2 тонна шоли қайта ишланса, хориждан келтирилган замонавий технологиялар ёрдамида битта кичик цехда кунига 35-40 тоннагача шоли қайта ишланиб, сифатли гуруч олинмоқда.
Маҳалладаги Ғайратжон Каримов Хитой технологиясини ўрнатиб, ойига 40 тоннагача шолини қайта ишлаш орқали 20 нафардан зиёд ёшларни ишли қилган тадбиркор. Ғайратжоннинг “ойжувози” нафақат Бувайда, балки Қўқон, Марғилон ва Фарғона бозорларида ҳам машҳур.
— Илм-фан ютуқлари, инновациялар асосида ишлаб, алмисоқдан қолган эски жиҳозлардан қутилдик. Энди чанг, шовқин йўқ, шунга яраша иш унуми ҳам ошди, — дейди Ғайратжон. — Муҳими, йил давомида халқимизни арзон гуруч билан таъминлаяпмиз. Даромадимиз ҳам чакки эмас. Ойига 50-60 миллион сўм даромад бор.
Бувайдада Баҳромжон Мамадалиевни ҳамма шоличилик соҳаси билимдони сифатида танийди. Сабаби йигирма йилдан буён шоличилик билан шуғулланиб келаётган миришкорлардан. Янгиликка интилиб ота-боболардан мерос ҳаётий тажрибани илм-фан ютуқлари билан ўзаро уйғунлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бу йил 10 гектар ерга “Аланга”, “Лазер” навли шоли экиб, парваришлаган қаҳрамонимиз 55-60 тоннагача гуруч олишни мақсад қилган. Бу ҳозирги нарх-навога солиштирганда 300 миллион сўм даромад деганидир.
– Бувайдада асосан 90-110 кунда тайёр бўладиган эртапишар навлар экилади, – дейди миришкор Баҳромжон Мамадалиев. – Шу сабабли чилги навлар вақтида пишади. Тармоқда замонавий технологиялар кенг қўлланаётгани туфайли қўл меҳнати тобора камайиб бормоқда. Масалан, шоли кўчати тўлиқ комбайнда ўриб олинади. Аммо йилдан йилга ер ижараси, техника хизмати, минерал ўғитлар нархи ҳам қимматлашиб бораётганини унутмаслик лозим.
Бугун шоликорларга сув танқислиги, юқори ҳарорат, шўрланиш, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, шамолда тез ётиб қолмайдиган ҳамда қуёш нуридан самарали фойдаланадиган янги навлар керак. Ноқулай об-ҳаво шароитида баъзан кечпишар – 135-150 кунда тайёр бўладиган навлар ҳосили тўлиқ етилмай қолмоқда. Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан шоличилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш борасида амалий саъй-ҳаракатларга киришилган. Шу мақсадда вилоятда шоличилик яхши ривожланган яна бир туман – Ёзёвонда Шоличилик илмий тадқиқот институти филиалини ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу йил тажрибаси тариқасида институт олимлари томонидан тумандаги “Баҳромбек” фермер хўжалигида янги навлар синовдан ўтказилди.
— Табиати гуруч етиштиришга қулай Сўх туманидан 1 гектар тажриба-синов майдони ажратиб берилишига келишиб олинди, — дейди Шоличилик илмий тадқиқот институти лаборатория мудири Маъсуджон Сатторов. — Бу маҳаллий иқлим шароитига мослашувчан, юқори сифатли ҳосил берадиган навларни танлаш ва кўпайтириш имконини беради.
Айни пайтда Фарғона водийси ҳудудларида янги навларни кўпайтириш, уруғчилик ва етиштириш агротехникаси устида олиб борилаётган илмий ишлар ўз самарасини бермоқда. Айтайлик, шолини кўчат усулида экиш тажрибаси сув, техника ва минерал ўғитлар харажатини сезиларли даражада камайтириш имконини бериши исботланди. Хорижий ҳамкорлик доирасида Шоличилик илмий тадқиқот институти олимлари томонидан Жанубий Корея, Хитой, Вьетнам, Ҳиндистон, Филиппин давлатларидан 200 дан ортиқ нав ва намуналар олиб келинди. Ҳозирда 100 дан зиёд хорижий, маҳаллий эрта, ўрта ва кечпишар навлар устида илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда. Илмий изланишлар самараси сифатида “Тарона”, “Тантана”, “Садаф”, “Биллур”, “Йўлдош”, “Манзур” каби янги навлар яратилди. Миллий брендга айланиши кутилаётган “Тарона” ва “Тантана” навлари учун муаллифлик патенти олинди.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг