Энди гугурт чақишга ҳожат йўқ
Фото: “Халқ сўзи”
Республикамиз Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида асосан табиий газдан оқилона фойдаланиш ва ортиқча сарфни камайтириш мақсадида аҳоли хонадонларининг қозонхоналаридаги (маънан эскирган, қўлбола) ёндиргичлар (горелкалар)ни замонавий, иссиқликни автоматик равишда бошқарувчи ва хавфсизлик автоматикаси билан жиҳозланган газ ёндиргичларга алмаштириш, бунга истеъмолчилар орасида кенг кўламдаги тарғибот тадбирлари орқали эришиш вазифалари белгиланган.
Мазкур вазифа ижроси бўйича шу кунга қадар “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан 23 мингдан ошиқ аҳоли табиий газ истеъмолчиларининг қозонхоналаридаги ёндиргичлар алмаштирилиб, афзалликларини кўпчилик мамнуният билан эътироф этишмоқда.
— Илгари бир мавсумда табиий газ сарфи учун 500-800 минг сўмгача тўлов қилардик, — дейди Нурота туманининг Ибн Сино маҳалласида истиқомат қилувчи Носир Идиев. – Ўтган йили бу горелка каромати билан 350 минг сўм харажат қилдик. Яна бир қулай томони унинг хавфсизлиги – масалан босим пасайиб кўтарилиши оқибатида газ узатиш тармоқларида узилишлар бўлганда, автоматик тарзда ўчиб, газ ўтказишни тўхтатади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Нурота туманида 31 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, табиий газ истеъмолчилари 7 677 тани ташкил этади. “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ҳамда “Нуротатумангаз” газ таъминоти бўлими тегишли мутахассислари иштирокида ҳар бир маҳаллада энергия тежамкор газ ускуналарининг афзаллиги ва уни хавфсизлиги юзасидан тарғибот тадбири ўтказилиб, замонавий газ ёндиргичларнинг иқтисодий қулайлиги билан бирга ис газидан заҳарланишнинг олдини олишда хавфсизлиги аниқ мисоллар асосида тушунтирилмоқда.
—Туманимизда мавсум бошидан буён 1400 хонадондаги қозонхоналарга замонавий ёндиргичлар ўрнатилди, — дейди “Нуротатумангаз” газ таъминоти бўлими етакчи муҳандиси Раҳимқул Сатторов. – Аҳолининг мазкур мосламага тўлиқ ўтказилиши 30-35 фоизга қадар табиий газ сарфини камайтириш имкони берар экан, тежалган газ эҳтиёж ортган куз-қиш мавсумини беташвиш ўтказишимизни ҳам кафолатлайди.
Чиндан ҳам аҳоли учун энг аввало, табиий газ таъминотининг барқарорлигига кафолат муҳим. Мутахассисларнинг буни янги, замонавий ёндиргичлар билан боғлаши вилоятда истеъмолчиларнинг унга ихлосини орттириб, шу кунга қадар 23 мингга (жами 169 минг) яқин хонадонга мазкур мосламалар ўрнатилди. Яна бир гап, кўпам сезилмайдию бироқ қозонхонада ҳар сафар гугурт чақилишини инобатга олсак, унинг муомаладан чиқарилиши ҳам истеъмолчи ҳамёнига фойда деганидир.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
- “Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
- Тошкентда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмоқда (фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг