Электр энергетикасида инвестициялар имконияти

13:54 28 Январь 2026 Жамият
149 0

Президентимизнинг 2024 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикасида 2024-2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Самарқанд вилоятида электр тармоқларини модернизация қилиш ва хусусий операторга бериш бўйича тендер ўтказилиб, ғолиб эълон қилинган эди.

Унга кўра, Туркиянинг “Aksa Elektrik” компанияси халқаро тендер ғолиби сифатида Самарқанд вилояти электр энергияси тақсимлаш тармоқларини 30 йил муддатга бошқариш ҳуқуқини қўлга киритган.

Лойиҳанинг қиймати дастлаб 250 миллион долларга баҳоланган бўлиб, вилоятда паст кучланишли тақсимлаш тармоқлари инфратузилмасини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, бошқариш, техник хизмат кўрсатиш ва тақсимлашни ўз ичига олади.

Шунингдек, лойиҳа Самарқанд вилоятидаги электр тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш ва уларни концессияга беришни назарда тутади. Бир йилда энергия истеъмоли тахминан 5,5 миллиард кВт/соат ва аҳолиси 4,3 миллион бўлган мазкур вилоят саноат, таълим ва туризм нуқтаи назаридан энг стратегик минтақалардан бири ҳисобланади. Компания ўз тажрибаси ва тезкор мослашувчанлиги билан 30 йиллик инвестиция даврида узлуксиз электр таъминоти, замонавий инфратузилма ва экологик барқарорликка йўналтирилган моделни яратишни ният қилган.

Маълумот учун айтиш керакки, “Aksa Enerji” компанияси 1960 йилда ташкил этилган Kazanci Holding таркибига киради. Ушбу холдинг нафақат энергетика масалалари билан, балки қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ҳам қатор лойиҳалар устида иш олиб боради. Бугунги кунда уларнинг лойиҳалари асосида дунёнинг бир қанча мамлакатларида, жумладан, Туркиядан ташқари Гана, Мадагаскар, Мали ва Конго давлатларида электр станциялари қурилмоқда. Компания фаолияти бизга ҳам бегона эмас, улар 2022 йилда Бухоро вилоятида қуввати 270 МВТ, Тошкентда қуввати 240 МВТ бўлган иссиқлик электр станцияларини қуриб фойдаланишга топширган. Шунингдек, Қашқадарё вилоятида қуввати 400 МВТ бўлган газ поршенли электр станцияси қурилишига 250 миллион доллар сармоя киритган.

“Aksa Enerji” компанияси Самарқанд вилояти электр энергияси тақсимлаш тармоқларини 30 йил давомида бошқаради ва муддат шартлар бажарилиши бўйича узайтирилиши ҳам мумкин. Агар лойиҳа самарали давом этадиган бўлса, барча ҳудудлардаги электр тармоқлари босқичма-босқич хусусий бошқарувга ўтказилади.

Компания бошқарув давомида соҳага 1 миллиард доллар инвестиция киритишни режалаштирган. Хорижлик мутахассислар вилоятдаги туман ва шаҳар ҳудудий электр таъминоти корхоналари фаолиятини ўрганмоқда. Самарқанд вилоятининг аҳолиси, шунингдек, филиалнинг ташкилий тузилмаси ҳамда электр таъминоти тизими бўйича тақдимот ўтказилиб, мавжуд инфратузилма ҳолати ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш тизими ҳақида маълумотлар берилмоқда.

- Бугунги кунда вилоятимиз электр тармоқларининг жами узунлиги 30 минг километрдан ортиқни ташкил этиб, шундан 16,7 минг километр узунликдаги тармоқ, яъни 54 фоизи эскириб кетган, — дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вилоят филиали бош муҳандиси Илҳом Норбоев. — Жумладан, 35-110 кВлик 144 та подстанция, ишлаб турган 10-6/0,4 кВлик 13172 та трансформатор пунктидан 4512 таси маънан эскирган. Шунингдек, 54 фоиз, яъни 128 та қувват трансформаторини алмаштириш талаб этилади. Инвестор бутун тармоқни бошқариб боради, таъмирлайди ва янги тармоқлар қуради. Натижада улар тармоқ орқали ўтаётган ҳар бир кВт/соат электр энергияси учун маълум сумма олади. Истеъмолчи эса ишлатган электр энергияси учун мобил иловалар орқали ҳозиргидек ҳақ тўлашда давом этаверади. Шунчаки, улар тўлаётган маблағнинг бир қисми тармоқни бошқараётган инвестор ҳисобига тушади.

Давлат-хусусий шериклик асосидаги реконструкция ва модернизация ишлари натижасида электр тармоқлари, трансформатор станциялари ва нимстанцияларни янгилаш, давлат харажатларини қисқартириш кўзда тутилган. Шунингдек, энергия йўқотишларини камайтириш, электр узилишларини минималлаштириш ва углерод чиқиндиларини камайтиришга ёрдам бериши ҳам кутилмоқда.

Энергетика вазирлиги икки йил ичида мамлакатимиз энергетика тизимининг барқарор ва узлуксиз ишлашига эришишни мақсад қилган ҳолда ишлаб чиқариш қувватларини кескин ошириш, тўлиқ рақамлаштириш, узатиш тармоқларини бошқаришга хусусий операторларни жалб қилишни режалаштирган.

Давлат хусусий шериклик дастурига кўра, 2027 йил 1 июлгача барча ҳудудлардаги тақсимловчи электр тармоқларини хусусий операторларга ўтказиш бўйича шартномалар имзоланиши керак. Бу борада Самарқанд тажрибаси биринчиси бўлди, эндиликда Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги электр тармоқларини модернизация қилиш, қуриш ва хусусий сектор бошқарувига бериш бўйича тендер эълон қилиш кўзда тутилган.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер