Экспортга йўл олган Кўкдала тарвузлари

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Бугун мамлакатимизда хорижий бозорларга кенг йўл очиш, экспортни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Экспортёр корхоналар, маҳсулот етиштирувчилар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Ҳудудлардан жаҳон бозорларига йўл олаётган маҳсулотлар тури ва салмоғи йилдан йилга ўсиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат.
Биргина Қашқадарё вилояти мисолида олсак, ўтган йили воҳада жами 514,1 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар экспорти амалга оширилган. Бу 2023 йилга қиёсан олганда 20,2 фоизга кўп деганидир.
Экспортнинг асосий қисми ҳудуддаги йирик нефть-газ, кимё ҳамда тоғ-кон корхоналари ҳиссасига тўғри келиши сир эмас. Аммо сўнгги йилларда жаҳон бозорларида Қашқадарё заминида етиштирилган сархил мева-сабзавот ҳамда полиз маҳсулотларининг салмоғи ортиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат.
Буни рақамларда асослайдиган бўлсак, 2024 йилда воҳадан 65,4 миллион АҚШ долларилик полиз, мева-сабзавот экспорти амалга оширилган.
Экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибида тарвуз асосий ўрини эгаллайди. Бу бежиз эмас, албатта. Сўнгги йилларда вилоятда эртачи тарвуз етиштириш анча оммалашди. Айниқса, ушбу полиз тури Кўкдала тумани деҳқонларининг бренд маҳсулотларидан бирига айланиб улгурди. Ўтган йили ҳудуддан 8,5 миллион АҚШ долларилик тарвуз хориж бозорларига чиқарилган бўлса, кўкдалалик деҳқонлар жорий йилнинг айни пайтига қадар 12 миллион АҚШ долларилик тарвуз экспорт қилишни уддалашди. Мавсум давом этаётганини ҳисобга олсак, бу рақам янада ортиши аниқ.
Ҳудуддаги «Байрамали-Жасурбек» фермер хўжалиги аъзолари ҳам 2 гектар майдонга тарвузнинг «Долби – Ф1» номли эртапишар турини экишган эди. Ҳосил кутилганидан ҳам зиёда бўлди.
— Ерларимиз лалмикор, шу боис ер остидан сув олиб, деҳқончилик қиламиз, — дейди фермер Шуҳрат Назаров. — Бу йил январь ойи бошидаёқ ишга киришиб, кичик иссиқхоналарда уруғларни ундиришни бошлагандик. Кейин уларни далага ўтқаздик. Об-ҳаво инжиқликларидан ҳимоя қилиш учун махсус плёнка остида парваришладик. Хуллас, 3-4 ой тиним билганимиз йўқ. Май ойининг бошиданоқ тарвузларимиз пишиб етилди. Ҳосилнинг асосий қисмини экспорт қилдик. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан тадбиркорлар келиб олиб кетмоқда. Меҳнатимизга яраша, яхши даромад олдик.
Вилоятда карам етиштириш ва экспортга чиқариш ҳам яхши ўзлаштирилган. Масалан, жорий йилнинг дастлабки 4 ойида 6,1 минг тона, қиймати эса 2,2 миллион долларлик карам экспорт қилинди. Айниқса, МДҲ ва Европа бозорларида қашқадарёлик миришкорлар етиштирган брокколи карамнинг бозори чаққон.
— Бу маҳсулотни етиштиришда уч йиллик тажриба тўплаб улгурдик, — дейди Қамаши туманидаги «Нурманова Хуршида» фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Маҳматмуродов. – Уни ойида иккинчи экин сифатида экиб, қиш фаслига бориб йиғиб оламиз. Ўтган йили 30 гектар майдонга брокколи карам эккандик. Маҳсулотнинг асосий қисмини хорижга экспорт қилишга эришдик. Натижада 4-4,5 миллиард сўм атрофида даромад олишни уддаладик.
Шу билан бирга, дуккакли экинлар, помидор, олма, анор, олча ва шу каби мева-сабзавот маҳсулотларининг ҳам вилоят экспортидаги улуши ортиб бормоқда. Бу ҳудуд иқтисодиётини юксалтириш билан бир қаторда, деҳқону боғбонлар учун катта имконият яратади. Натижада уларнинг етиштирилган маҳсулотига талаб ортиб, чўнтаги пул кўриб бораверади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг