Экрандаги «олабўжи» ёки бемаза сериаллар пойгаси

13:22 19 Ноябрь 2024 Жамият
286 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган бўлсада, телевидение ҳамон муҳим тарғибот воситаси ва миллионлаб аудиториясига эга. Айниқса, кўнгилочар дастурлар, телесериалларнинг ишқибози истаганча топилади. Афсуски, томошабинга миллий сериал ёрлиғи остида тақдим этилаётган ижодий маҳсулотларнинг сифати, савияси, миллий қадрият ва анъаналарга хослиги қай даражада, деган саволга жавоб йўқ.

Телевидение каналларида томошабин энг кўп йиғиладиган пайтда асосан миллий сериалларимиз намойиш этилади. Уларни кузатар экансиз, хаёлингизда бундай сериаллар орқали қачонгача миллатнинг, ўзимизнинг устимиздан куламиз, деган савол туғилиши табиий. Устига-устак бундай томошалар фаҳш, манманлик, кибр, одамларни менсимаслик каби иллатларни тарғиб этувчи воситага айланиб қолаётгани ачинарлидир. Қонунни менсимаслик, зўравонлик, одамларнинг юпун ҳаётини масхара қилиш ҳолатларини айтмаса ҳам бўлади...

Аксарият ҳолларда қишлоқдан шаҳарга келган қаҳрамон ўта билимсиз, фаросатсиз, ҳаммага кулги бўладиган қиёфада кўрсатилади. Йигитлар бўш-баёв, қизлар ҳаммани лақиллатиб юрадиган қиёфада намоён этилади. Хориждан андоза олинган кўпчилик сериалларимизда воқеалар ривожи ўта ишонарсиз, актёрларнинг ўз ролига ёндашуви ҳаваскорлик даражасида, унда қаҳрамоннинг ички олами, туйғулари, дунёқараши умуман мос тушмайди. Режиссёр хоҳласа унинг сериалида энди иккита қўшиқ айтган ёш хонанда бош ролни ўйнайди, хоҳласа кўчадаги исталган касб эгаси бир юмалаб актёрга айланади...

Аслида дунё тажрибасида ҳам сериаллар асосан уй бекаларининг бўш вақтини қизиқарли ўтказиш мақсадида ўйлаб топилган томоша сифатида эътироф этилади. Аммо бугун оналар болалари билан уй вазифасини бажариш, кечки овқат тайёрлаш ўрнига нуқул сериал кўришдан ортмаса, келажакда бундан ана ўша оиланинг ўзи энг катта зарар кўрадику. Катталар сериал қаҳрамонларига андармон бўлиб, ўз хонадонида шундай воқеалар ривожланиб келаётганидан бехабар қолаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат.

— Назаримда, сценарий муаллифлари ва режиссёрда янги сериал бўйича мукаммал режа бўлмайди, — дейди Фарғона давлат университети ўқитувчиси Дилнавоз Қўлдошева. — Шу сабабли, унинг илк қисмлари томошабинга тақдим этилгач, муносабатига қараб кейинги қисмлари шаклланиб кетаверади.

Айни кунларда телевидениеда кўрсатилаётган бир неча миллий сериалларимиз ҳақида ҳам шундай фикрни айтиш мумкин. Воқеалар ривожида мантиқ йўқ, ўта саёз, хориж сериалларидан ўғирланган саҳналар шундоқ сезилиб туради. Сериал ижодкорлари бугун томошабиннинг билими, савияси ўта юксак ривожлангани, унда солиштириш, таққослаб кўриш имконияти кучлилигини унутмаслиги зарур.

Куласизми-куясизми, турмушга чиққан янги келиннинг собиқ севгилиси хонадонига бориб жанжал кўтаради, ишга келган чиройли аёлнинг атрофида барча эркаклар гирдикапалак, қайноналар келинни азоблаб роҳатланади, келинчаклар эса эрини алдаб, кўчада собиқ севгилиси билан ялло қилиб юради...

Кечқурун ҳовлиси атрофида юриб, қизини пойлаётган ошиқ болани ушлаб олган ота унга пўписа қилади. Кейин қизимиз тағин эътибордан ҳам четда қолиб кетмасин, дея беўхшов ҳиринглайди. Эри ўлган келинойи қайноғасига шилқимлик қилса, ҳали уйланмаган йигит боласи билан бева қолган аёлга уйланиш истагида оила аъзолари билан тескари бўлиб кетади. Балоғатга етган қиз отасидан ҳеч ҳам уялмай, хорижлик ёши катта бойваччани севиб қолгани, агар яхшиликча тўйга розилик бермаса, бирга қочиб кетишини айтади.

Бой қуда, камбағал қайнота, тўй, сарпо, кийим-кечак можароларининг эса ниҳояси йўқ. Натижада келажагимиз ворислари орасида ишёқмас, текинхўр, ориятсиз, зўравонликни шараф деб билувчи билимсиз авлод шаклланяпти. Уйланиш истагидаги йигит ўзига тўқ оила қизини излайди, ота-оналар қизига келган совчиларга ҳашаматли уй-жойи, машинасининг русумига қараб муомала қиладиган бўлмоқда.

Албатта, ҳар бир инсоннинг мақсади бахтли яшаш, фарзандлари камолини кўриш ҳисобланади. Лекин бунга эришиш учун аввало астойдил ўқиб-ўрганиш, меҳнат қилиш лозим. Яъни китоб ўқиган қизга уйланиш учун китоб ўқиш керак.

Қизиқ, сериалларимизда эса кўпинча бунинг акси тарғиб этилади. Ҳаётда бирор ишни қойиллатмаган қайнона зиёли келинининг бошига итнинг кунини солади. Бир инсоннинг умри унинг орзу-ҳаваслари учун қурбон бўлишини истайди. Зиёли оила бойнинг қизини келин қилиб олгач, эпли келин яхшими ёки сепли, деган масала устида тортишиб юраверади. Ҳаётимиз қорнимиз, кийим-кечагимиз, уй, машина билан боғлиқ маиший муаммолар атрофида ўралашиб ўтиб кетаётгандек гўё. Дунё илм-фанда қанчалик илгарилаб, турмуш фаровонлиги беҳад юксалиб бормоқда. Биз эса сериалларимизда бўлгани каби энг майда икир-чикирлардан қутила олмаймиз...

Ватанпарварлик, юртга садоқат, улуғ аждодларга муносиб ворис бўлишга ундовчи яхши сериалларимиз ҳам кўп. Аммо ютуқлар ўзимизники, бугун камчиликлар ҳақида кўпроқ гапиришимиз керак. Токи катта ҳаёт остонасидаги янги авлод, унинг тарбиячиси бўлган оналаримиз асл ҳаётий ҳақиқат, тўғри йўл қаерда эканлигини ўз вақтида англаб етиши лозим.

Унутманг, сизни маҳлиё қилаётган ана шу сериаллар атрофингизда, оилангизда янги сериалларни шакллантираётган бўлади. У худди пистирмада беркиниб ётган маккор душман сингари кутилмаганда ҳужумга ўтади, кутилмаган пайтда панд беради.

Халқимиз мақолида айтилганидек, кейинги пушаймон – ўзингга душман...

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?