«Экинга нима кераклигини ўзи «сўзлайди»

15:10 17 Март 2025 Жамият
70 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Булоқбоши туманида саримсоқпиёз етиштириш борасида катта тажриба мактаби яратилган. Шу боис томорқаси бор ҳар бир киши унинг ҳосилидан яхшигина даромад олишни режалаштиради.

— Саримсоқпиёз етиштиришни оталаримиздан ўрганганмиз, — дейди «Ройиш» маҳалласида яшовчи Набижон Аҳмаджонов. — Унинг япроқларига қараб, нима ҳақида сўзлаётганини тушунамиз. Қайси пайтда суғориш керак, қачон агротехник тадбирларни ўтказиш зарурлиги ҳақида ўзи «сўзлаб беради». Экин билан тиллаша олганимиз учун даромадимиз ҳам яхши. Мисол учун, шахсан ўзим 15 сотихдан иборат томорқамда деҳқончилик қиламан. Йиллик даромадим ўртача 25 миллион сўмни ташкил этади.

Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли учун томорқасига қўшимча равишда яна 15 сотихдан, жами 4,5 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, бу ерда саримсоқпиёз етиштириш йўлга қўйилган. Умуман олганда, туман бўйича 600 гектар майдонда парваришланаётган саримсоқпиёз ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий равнақига хизмат қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?