Эгаси минг пойласин - ўғри бир пойласин...

16:48 20 Октябр 2021 Жамият
564 0

Зарафшонлик Мария Ивановна (исм-шарифлар ўзгартирилган) нафақага чиққач, Россияда яшаётган фарзандлари ёнига кўчиб кетишни ихтиёр этди. Шу сабабли шаҳардаги уйини сотувга қўйган эди, харидор ҳам тезда топила қолди.

Уй Азиз Арслоновга 22 минг АҚШ долларига сотилди. Олди-сотди, уйни расмийлаштириш, пулни Мария Ивановнанинг Россиядаги фарзандларига жўнатиш каби ташвишларда барака топгур Азизнинг ўзи ёрдам қилди. Камига “Мария Ивановна, ўзим сизни аэропортгача кузатиб қўяман”, деди.

Азиз ваъдасида турди, бироқ одамнинг қалбида нима борлигини билиб бўлмас экан. Йўлда у ҳийла ишлатиб, машинаси бузилиб қолгани баҳонасида Мария Ивановнадан телефон чироғини тутиб туришини сўрайди. Онахон чироқ тутиб турган пайтда эса машина салонидан ускуналар олган киши бўлиб, унинг сумкасидан 3 минг 140 АҚШ долларини ўмаради.

Мария Ивановна аэропортда текширувдан ўтаётган чоғи пуллари йўқолганлиги англайди. Шу заҳоти хизматдаги ИИБ ТХТБ ходимларига хабар беради. Уларнинг тезкор саъй-ҳаракати натижасида ҳали узоққа кетиб улгурмаган Азиз Арслонов ҳам қўлга олинади.

Орамизда ўзгаларга ҳамиша яхшиликни соғинадиган инсонлар бор, бироқ бунинг акси ўлароқ ўғрилик, фирибгарлик, товламачилик ортидан кун кўрувчилар ҳам йўқ эмаски, бугун одамларга ишониш баробарида ҳушёр муносабатда бўлишимиз зарар қилмайди.

Т. ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?