Дунёнинг энг машҳур 10 та китоб дўкони

15:41 18 Март 2021 Дунё
3418 0

Баъзида китоблар билан биргаликда уларни харид қиладиган маконларимиз ҳам биз учун муҳим аҳамият касб этади. Қадимдан ҳам эски биноларда жойлашган ёҳуд замонавий дизайнлар асосида барпо қилинган кутубхоналар ўқувчиларнинг кўп диққатини тортган.

Бугун сизларга дунёнинг энг машҳур ноодатий 10 та китоб дўконини таништириб ўтмоқчимиз.

1. “Selexyz Bookstore”, Голландия.

Бу китоб дўкони 700 йиллик тарихга гувоҳ бўлган қадимий ибодатхона биносида жойлашган.

2. “Livrario Lello”, Португалия.

Неоготик услубда бунёд қилинган бинода жойлашган бу китоб дўкони 1906 йилда очилган. «Гарри Поттер» фильмининг баъзи саҳналари бу ерда суратга олинганидан сўнгра у янада машҳурликка эришади.

3. “Cook and Book”, Бельгия.

Ғайриоддий дизайн ва кўринишга эга бўлган бу китоб дўконида китоб сотиб олмоқ билан бирга лаззатли таомлар тановул қилмоқ ҳам мумкин.

4. “El Ateneo Grand Splendid”, Аргентина.

Дунёнинг энг машҳур китоб магазинларидан саналган “El Ateneo Grand Splendid”, авваллари кино ва театр маркази бўлган бинода жойлашган. Бу ерда томошабин ўриндиқлари ўрнига китоб жавонлари ўрнатилган.

5. “Shakespeare and Company”, Франция.

1919 йилда ўз фаолиятини бошлаган бу китоб дўконида турли хил китоблар билан бирга қадимий Франция меъморлигини томоша қилиб ҳам завқ олмоқ мумкин.

6. “Atlantis Books”, Юнонистон.

Эгей денгизининг соҳилида, Санторини меҳмонхонасида жойлашган бу китоб дўкони сайёҳларнинг энг севимли жойи ҳисобланади.

7. “Ler Devagar”, Португалия.

Лиссабонда жойлашган бу китоб дўконида кафе ва ресторан ҳам мавжуд. Дўконда тез-тез китоб ярмаркалари ташкил қилинади.

8. “Libreria Acqua Alta”, Италия.

Венецияда жойлашган бу китоб дўконининг жавонлари қайиқнинг ичига жойлаштирилган бўлиб, уни кузатишнинг ўзи ҳам одамга илҳом бағишлайди.

9. “Brattle Bookshop”, АҚШ.

Бу китоб дўконининг энг мароқли жиҳатларидан бири дўконнинг бир қисми кўчада жойлашганидадир.

10. “Livraria da Vila”, Бразилия.

“Livraria da Vila” Бразилиянинг энг катта китоб дўконларидан бири бўлиши билан бирга модерн услубдаги кўриниши одам диққатини тортади.

Таржимон ва тўпловчи:

Раҳмат Бобожон («Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?