ДХХ раиси Афғонистон вазирлари билан учрашувлар ўтказди
Фото: ДХХ
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Афғонистон Разведка хизмати раиси, Мудофаа ҳамда Ички ишлар вазирлари билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда «Хавфсизлик» Telegram каналида хабар берилди.
Маълум қилинишича, кеча, 22 июль куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги делегациянинг Қобул шаҳрида Афғонистон Разведка хизмати раиси Абдул Ҳақ Восиқ билан учрашуви бўлиб ўтган.
Музокаралар давомида минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, Афғонистонни халқаро муносабатларнинг тўлақонли аъзосига айлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттирилаётгани таъкидланган.
Хусусан, Ўзбекистон Президентининг Бирлашган миллатлар ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро анжуманларда афғон масаласи бўйича якдил позициядаги чиқишлари келтириб ўтилган.
Шунингдек, мулоқотда Ўзбекистон ва Афғонистон чегараларида дахлсизликни сақлаш, чегара пунктларида кириш-чиқиш режимини янада такомиллаштириш, наркотик моддалар ноқонуний айланмасига ҳамда терроризмга қарши кураш йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Шу куни Афғонистон Мудофаа вазири Мулло Муҳаммад Ёқуб ҳамда Ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтган.
«Мазкур учрашувлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларни дўстлик ва яқин қўшничилик руҳида ривожлантиришга хизмат қилади», дейилади хабарда.
Айтиш жоиз, икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги, ирригация, энергетика, транспорт, савдо-сотиқ ва бошқа йўналишларда икки томонлама музокаралар фаол тарзда давом этмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Афғонистонни минтақавий ҳамкорликка жалб қилиш мақсадида мамлакатда иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда инсонпарварлик ёрдамларини давом эттиришга эътибор қаратилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг