Даврон Кабуловнинг отаси «ўғрилик» бўйича судланиб, қарийб 345 млн сўм жаримага тортилгани маълум бўлди

12:09 02 Октябр 2024 Жамият
997 0

Фото: You tube

«Миллион» жамоаси сардори Даврон Кабулов «Дарё»га берган интервьюсида отаси Равшан Кабуловга нисбатан жиноят иши очилгани ва катта миқдорда жаримага тортилгани бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман прокуратураси, департаменти ва тумангаз филиали масъулларидан норозилигини айтиб чиққан эди.

Бош прокуратура унинг чиқишига муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 2023 йил декабрь ойида ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган назорат тадбирида Равшан Кабулов раҳбарлик қилаётган Яккасарой туманида жойлашган меҳмонхонанинг 4 та иситиш қозонини 2022 йил 24 февралдан 2023 йил 18 октябрга қадар бўлган вақт оралиғида, умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ўзбошимчалик билан улаб олиб, туман газ таъминоти идораси билан шартнома тузмай, газ ҳисоблагични газ идорасидан рўйхатдан ўтказмасдан ва алоҳида ҳисоб-рақам очмасдан, газ ҳисоблагичга ўрнатилган тамғани газдан ноқонуний фойдаланиш мақсадида ташқи таъсир аралашувида узишга эришиб, жами 907,558 куб метр миқдоридаги 344 млн 872 минг сўмлик табиий газдан яширин равишда фойдаланиб келиб, жуда кўп миқдордаги табиий газни яширин равишда талон-торож қилгани аниқланган.

«Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши юзасидан Яккасарой туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, 2023 йил 22 декабрь куни Р.Кабуловга Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 4-қисми «а» банди билан айб эълон қилинган ва жиноят иши айблов хулосаси билан судга мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2024 йил 27 март кунги ҳукмига кўра, Р.Кабулов Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбли деб топилиб, унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, шартли равишда 1 йил синов муддати белгиланган», дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Қўшимча қилинишича, жиноят иши доирасида аниқланган 344 млн 872 минг сўмлик моддий зарар «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали фойдасига ундирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?