Давлатнинг дунёвийлик тамойилларини рўёбга чиқаришга қаратилган муҳим ҳужжат

12:45 05 Февраль 2025 Жамият
132 0

Яқинда «Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳамда у билан Ўзбекистон Республикасида Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Жорий йилнинг 9 февралгача давом этадиган мазкур ҳужжат давлатнинг дунёвийлик тамойилларини рўёбга чиқариш ҳамда мамлакат тараққиёти учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, десак, айни ҳақиқат.

Хўш, концепция нима ҳақида ва ўзида нималарни акс эттирмоқда?

Таъкидлаш жоизки, диний соҳадаги давлат сиёсатини аниқ кўрсатилмаслиги унинг аҳоли ўртасида турлича тушунилиши, дунёвий давлат асосларининг бузиб талқин қилиниши, жамиятда зиддиятларнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

Мазкур концепция билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва Ўзбекистон дунёвий давлат эканига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқаришга ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, 7 та боб, 41 та банддан иборат ушбу концепция нафақат виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсатини юритишни, балки дунёвий давлатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, мамлакат тараққиётининг асосий шартларидан бири этиб — иқтисодиётни тартибга солиш йўналиши белгиланмоқда. Жумладан, иқтисодиётни тартибга солиш йўналишидаги дунёвийлик, бу — давлат томонидан иқтисодиётни, иқтисодиёт субъектлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда эмпирик далиллар, оқилона таҳлил ва объектив кузатувларга асосланган иқтисодий қонуниятлар, принциплар ҳамда институтларга таянишни назарда тутади.

Бунда иқтисодиётни тартибга солиш йўналишидаги дунёвийликни таъминлашнинг асосий механизмлари ҳам белгилаб берилмоқда.

Биринчидан, давлатнинг иқтисодий сиёсатга доир қарорлари эмпирик далиллар, оқилона таҳлил ва объектив кузатувлар асосида қабул қилинишини таъминлаш масаласига эътибор қаратилган.

Бу бежиз эмас. Ҳар қандай давлат ривожида ушбу омиллар инобатга олиниши ўзининг ижобий самараларини беради. Мисол учун, Европанинг ривожланган мамлакатларининг бугунгидек тараққиётида ҳам айнан давлатнинг иқтисодий сиёсатга доир қарорлари эмпирик далиллар, оқилона таҳлил ҳамда объектив кузатувларга асосланганини кузатиш мумкин.

Иккинчидан, иқтисодий сиёсат юритишнинг илмий ва услубий асосларини кенгайтириб бориш талаб этилади. Шу маънода ушбу тамойиллар концепциядан ўрин олган.

Сир эмас, ҳеч бир соҳа ўзининг илмий асосларига эга бўлмасдан туриб уни ривожлантириб бўлмайди. Худди шундай иқтисодий тармоқларида ҳам. Шу боис ушбу ҳужжатда иқтисодий сиёсат юритишнинг илмий ва услубий асосларини кенгайтириб бориш назарда тутиляпти. Бу эса мамлакатимиз тараққиётини таъминлайдиган, айниқса, пойдевори мустаҳкамлигини ва пировардида аҳоли фаровонлигига олиб келади.

Халқимизда «Истеъмолчи — доимо ҳақ» деган ибора мавжуд. Дарҳақиқат, ҳар қандай тадбиркорлар истеъмолчилар ҳуқуқларини суиистеъмол қилмасдан фаолияти юритиши лозим. Амалиётда кузатиладики, айрим тадбиркорлик субъектлари харидорнинг диний қарашлари асосида, яъни истеъмолчилар манфаатларига зид ва уларнинг қонуний ҳуқуқларини бузилишига олиб келадиган хатти-ҳаракатларга йўл қўяди. Бу эса тадбиркор ва истеъмолчи ўртасида ишончсизлик ва зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин.

Юқоридаги каби муаммолардан келиб чиқиб, Концепция лойиҳасида муҳим йўналиш киритиляпти. Яъни иқтисодиёт субъектлари томонидан истеъмолчиларнинг қонунда белгиланган ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини диний қарашлар асосида чеклашга йўл қўймаслик масаласи белгиланмоқда. Мазкур норма фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсатини амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ушбу ҳужжатда иқтисодиёт субъектлари томонидан иқтисодий фаолият турларини, бизнес-ҳамкорларни, савдо-шерикларни танлашда иқтисодий эркинлик ва очиқ бозор принципларига риоя қилишнинг аҳамиятини тушунтириб бориш ҳам кўзда тутилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида тадбиркорлик субъектларига кўплаб имтиёз ва имкониятлар берилмоқда. Улар ўз фаолиятлари давомида эркин ва шу билан бирга, бизнес-ҳамкорларни, савдо-шерикларини танлашда ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмас. Бу очиқ бозор принципларига мос.

Бу йўналишда олдимизда турган масала шуки, ўша имкониятларни эркин ва очиқ бозор принципларига риоя қилишнинг аҳамияти ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш лозим бўлади. Бу ҳаётий зарурат бўлганлиги боис Концепцияга алоҳида банд сифатида киритилмоқда.

Шу билан бирга, ҳужжатда иқтисодиётнинг ҳаётий муҳим тармоқлари, жумладан озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий техника, гигиена воситалари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг муомаласи соҳаларидаги иқтисодий муносабатларда умумқабул қилинган ахлоқ нормаларига амал қилинишини таъминлаш ҳам белгиланган.

Фуқароларнинг иқтисодиёт қонуниятлари, принциплари ҳамда институтлари ҳақидаги объектив тасаввурларини бойитиш, уларда бозор иқтисодиёти ҳақида эмпирик далиллар тўплаш, оқилона таҳлил ва объектив кузатув асосида иқтисодий қарорлар қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш масаласи ҳам долзарб. Шу маънода келгусида ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда иш ташкил этиш орқали мустаҳкам барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш мақсад қилинган.

Яна бир муҳим жиҳат, бу — илм-фан, инновациялар ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уларни тизимли қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш билан боғлиқ масала. Зеро, илм фансиз, тадқиқотларсиз, таҳлилларсиз иқтисодий ўсиш тенденцияларига эришиш қийин. Мазкур йўналишдаги фаолиятни рағбатлантириш, шу билан бирга, мунтазам қўллаб-қувватлашни йўлга қўйиш ҳам ўзининг ижобий самараларини бериши, шубҳасиз.

Концепцияда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг бажарилишини ташкил этиш ҳукумат, барча даражадаги давлат органлари, ташкилотлар ва муассасалар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, шу жумладан, давлат хизматчиларининг зиммасига юклатилган. Бу жараёнда барча қатори Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоасига ҳам катта масъулият юклайди.

Албатта, мазкур ҳужжатни амалга оширишда кенг жамоатчилик, нодавлат нотижорат ташкилотлари, диний ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилинган ҳолда пухта-пишиқ ҳолатга келтирилади.

Умуман олганда, кенг жамоатчиликка ҳавола этилган Ўзбекистон Республикасида Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясининг лойиҳаси ҳамда унинг кейинчалик ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимиз тараққиёти, диний ҳамда иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларимиз яхшиланишига олиб келади.

Дилафруз АЗИМОВА,

Тошкент давлат юридик университети Давлат бошқаруви кафедраси доценти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?