Дарёлар фарёдига нега қулоқ тутмаяпмиз?

18:18 13 Сентябр 2023 Жамият
1074 0

Фото: Архив сурат

Инсоният ақлу тафаккури билан дунё ўзгармоқда. Иқтисодиёт ва фан-техника тобора равнақ топмоқда. Бироқ бу юксалишлар, бир томондан, инсон оғирини енгил қилиб фаровонликка йўл очаётган бўлса, иккинчи томондан, табиатга, атроф-муҳит ва экологияга жиддий таъсир кўрсатаётгани ҳам барчамизга аён. Оқибатда, Ер юзида иқлим кескин ўзгариб бормоқда. Бир минтақада қурғоқчилик бўлса, бошқасида мисли кўрилмаган ёғингарчиликлар кузатиляпти. Мамлакатимиздаги пурвиқор тоғлар чўққисида қишин-ёзин турган оппоқ қорлар эндиликда саратонга етмасдан ирмоқларда сув бўлиб оқиб тушаётганига кўникиб улгурмасимиздан Арктикаю Антарктидадаги азалий музликлар ҳам океан сувларига қўшилиб, йўқликка юз тутмоқда. Қишда қор, баҳор ва кузда ёмғир ёғишининг кескин камайиши минтақамизда дарёлар сатҳининг пасайишига, сув танқислиги юзага келишига сабаб бўлмоқда. Қисқача айтганда, табиатга аёвсиз муносабатимиз учун у биздан “ўч” олмоқда.

Бугун инсоният ўз хатосини тушуниб етди, албатта. Лекин жуда кеч “ақли” кирди. Ана шу кечикиш одамзод бошига не-не қийинчиликларни солиши тайин. Зеро, бундай глобал муаммолардан ҳеч қайси минтақа четда қолиб кетгани йўқ. Биргина мисол, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларидаги тоғларда музликлар глобал исиш оқибатида ўз ҳажмини йўқотиб бориши натижасида Амударёдаги сув сатҳи тобора пасайиб кетяпти. Бундай ҳолат эса ҳар бир юртдошимизни ташвишлантириши лозим.

Бироқ афсуски, ҳамма ҳам буни чуқур англаётгани йўқ. Акс ҳолда дарёларнинг фарёдига қулоқ тутган бўлардик.

Бефарқликми, лоқайдлик?

Саноат корхоналаридан чиқаётган газлар глобал исиш ҳодисасини келтириб чиқариб, сув ресурсларининг камайишига олиб келаётган бўлса, дарё ўзанларининг тобора кенгайиб бораётгани бу жараённи янада тезлаштирмоқда. “Халқ сўзи” газетасининг ўтган йил 13 апрель сонида чоп этилган “Дарёнинг уволи урмасин” номли мақолада бу масалага батафсил тўхталган эдик. Унда Чирчиқ дарёси қирғоғида корхона ва цехлар баҳорги қўзиқориндай болалаётгани, устига-устак карьерларда иш кечаю кундуз давом этиши — тонналаб қум-шағал қайта ишланиши туфайли табиий муҳитга жиддий зарар етаётгани танқид остига олинганди. Афсуски, шу соҳага тегишли бўлган ташкилотлар мутасаддилари мақолада кўтарилган муаммога жиддий эътибор қаратди, деб бўлмайди. Улар ҳатто бир энлик хат билан муносабат билдиришни ҳам раво кўришмади. Бу ёқда эса дарё қирғоқлари бир-биридан тобора узоқлашиб, сувнинг буғланиш ва ер тагига сингиш даражаси ошиб бораверди. Фақат неча бор қилинган қўнғироқлардан кейингина, орадан 3 ой ўтиб, экологияни асрашга масъул Тошкент вилоятидаги ташкилот ёзма равишда жавоб қайтарди ва рухсат этилмаган бир нечта хўжалик субъектлари дарё қирғоғини бузиб, қум-шағал олаётгани аниқлангани, уларга жарималар қўлланганини билдирди. Аммо ҳақиқат шуки, экологияга жиддий зарар етказадиган бундай ишлар ҳозирги кунда ҳам туну кун давом этмоқда. Мутасаддилар эса “менга нима, сенга нима?» қабилида иш тутишни маъқул кўришаётир.

2022 йилнинг ноябрь ойида Олий Мажлис Сенати томонидан бу масала чуқур ўрганилиб, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, йўл хўжаликлари объектларига салбий таъсири юзасидан тегишли тартибда парламент сўрови юборилган эди. Парламент сўровига берилган жавоб атрофлича ўрганиб чиқилиб, ўтган ялпи мажлисларда муҳокама этилган, тегишли вазифалар белгиланиб, ижросини таъминлаш бўйича Сенатнинг қарори қабул қилинганди.

Яқинда Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида бу масала яна муҳокамага қўйилди. Унда Сенат ишчи гуруҳи томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда олиб борилган ўрганиш натижалари таҳлилдан ўтказилди.

— Ўрганишлар ва тақдим этилган маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Сенат қарорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича етарлича ишлар олиб борилмаган, натижада соҳадаги долзарб масалалар ўз ечимини топмасдан қолмоқда, — дейди Олий Мажлис Сенати Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Рисқул Сиддиқов. — Биринчидан, дарё ўзанларида қум-шағал қазиб олиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларидан лицензия ёки шартнома муддати тугаганидан сўнг кон ёки участкани қабул қилиб олиш тартиби белгиланмаган. Жумладан, Сенат қарорида кўрсатиб ўтилганидек, кон ёки участкани қабул қилиб олиш тартибини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилмаган. Бу эса, ўз навбатида, экология ва атроф-муҳитга жиддий зиён етказилишига олиб келмоқда. Масалан, биргина Тошкент вилояти ҳудудида тадбиркорлик субъекти томонидан кон ишлари тўлиқ якунланган ҳамда лицензия (рухсатнома)нинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг фойдаланилган 1600 гектарга яқин майдон ташландиқ ҳолда қолдириб кетилган. Бундан ташқари, дарё бўйларига турли чиқиндилар ташланаётгани боис атроф-муҳит ифлосланиб, қирғоқларнинг санитария ҳолати бузилган.

Олмоқнинг бермоғи бор

Қўмита раиси ўринбосари алоҳида қайд этганидек, дарёлардан қум-шағал қазиб олишнинг ер ости сувлари ва экологияга салбий таъсирини инобатга олиб, дарёлар қирғоқларини умумий назорат қилувчи ягона орган белгиланмагани ачинарли ҳол, албатта. Бу борадаги ваколатлар бир нечта идоралар зиммасига юклатилган ва уларнинг тарқоқлиги оқибатида дарё ўзанларидан меъёрларга зид равишда фойдаланиш ҳолатлари ҳамон давом этмоқда.

Савол туғилади, нега биз ўзимиз сув ичадиган, далаю даштни, боғу роғни яшнатадиган, ҳаёт ато этадиган дарёларнинг қадрига етмаяпмиз? Ахир дарёлар миллий бойлигимиз, битмас-туганмас хазинамизку! Уларни кўз қорачиғидек асраш шу юрт, шу замин келажаги учун дахлдор ҳар бир инсоннинг вазифаси эмасми?!

Нега мутасадди ташкилотлар бу масалага панжа орасидан қарашмоқда? Ҳудудларда норуда фойдали қазилмалар ҳамда қурилиш учун қум, чақилган тош маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган саноат зоналарини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмагани, 3 минг гектардан ортиқ дарё ўзанлари тўғриланмасдан қолгани наҳотки ҳеч бир мутасаддини ташвишлантирмаса?..

Дарё тошқин, сувлар тўлқин, ўтолмайман-ей... Ҳа, илгари шундай қўшиқ бўларди. Албатта, бу қўшиқдан бир замонлар дарёларнинг тўлиб-тошиб оққани, тошдан-тошга сакраётган зилол сувнинг салқинидан одамнинг эти жунжикканини англаш қийин эмас. Дарё атрофидаги ям-яшил ўрмонзорларни айтмайсизми? Бу яшил бойликлар дарёга зебу зийнат бахш этган. Бугунчи? Бугун дарёларимиз ҳолатига боқиб, юрак ачишади. Дарёлар қирғоғида дов-дарахтга — ўрмонзорга эмас, тош майдалаш ва саралаш цехлари ускуналарига кўзингиз тушади. Ҳатто уларни дарёнинг муҳофаза зонасидан ташқарига кўчиришга ҳам ҳафсала етмаяпти. Қолаверса, ушбу ҳудудларга манзарали дарахтлар экилишини уюштириш ва ободонлаштириш ишларига ҳам ҳали қўл урилмаган. Қолаверса, авария ҳолатига келиб қолган кўприкларни ва автомобиль йўлларини реконструкциялаш борасида амалий чора-тадбирлар кўрилмаган.

Белгиланган талабларга амал қилинмаганлиги оқибатида бугунги кунда ер усти ва ер ости сувлари камайиб бормоқда. Сувни муҳофаза этиш зоналари ботқоқлашган ва ифлосланган, қирғоқлар емирилган, транспорт ва гидротехника инфратузилма объектлари авария ҳолатида бўлиб, мамлакатимиз бўйича 26 та кўприкнинг таянчлари танг ҳолатга келиб қолган.

— Сенат қарорида 2023 йил 1 январдан бошлаб кўп қаватли уйлар, бинолар ҳамда кўприк ва йўл қурилишида, тайёр бетон, темир-бетон маҳсулотлари ҳамда асфальт ишлаб чиқаришда дарё тошларидан ясалган ва тўлиқ синдирилмаган шағал маҳсулотларидан фойдаланишни қатъий тақиқлаш, бундай шағал маҳсулотлари ишлатилган тақдирда, қонунчиликда белгиланган таъсир чораларини кучайтириш қайд этилган, — дейди Р. Сиддиқов. — Бироқ ушбу топшириқ ижросига етарлича эътибор қаратилмаяпти. Мисол учун, олинган маълумотларга кўра, 2022-йил давомида белгиланган ҳудуддан ташқарида 157 минг куб метр ҳажмда қум-шағал ноқонуний тарзда қазиб олинганлиги бўйича Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида 30 та ҳолат аниқланиб, тадбиркорларнинг лицензиясини бекор қилиш юзасидан суд органларига 35 та тақдимнома киритилган.

Норуда материалларини ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари бўйича Самарқанд вилоятида 343 нафар шахсга нисбатан 1,2 млрд. сўм, Жиззах вилоятида 158 нафар шахсга нисбатан 474 млн. сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса Самарқанд вилоятида 83 нафар шахсга нисбатан 273 млн. сўм, Жиззах вилоятида 40 нафар шахсга нисбатан 134 млн. сўм маъмурий жарима қўлланилган. Хўш, айтингчи, шу жарималар ундирилиши дарёни ўз ҳолига қайтариш учун етарлими? Топталган, қирғоғи йўқ бўлиб кетаётган дарёларимизга жарима тўлаш билан қайта жон бахш этилишига ким кафолат беради?

Гап деса қоп-қоп, иш деса...

Бу ҳақда гап кетганда, Туркия, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Россия ва Қозоғистонда дарё ўзанларидан норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш жиноят ҳисобланишини айтиб ўтишнинг ўзи кифоя. Қолаверса, дарёдан олинган тош, қум, шағальни қурилиш материали сифатида фойдаланиш қатъий тақиқланган. Нега шундай қилинган? Негаки, дарёлар миллий бойлик, боғу роғларни яшнатадиган, элга тўкинчилик ва қут-барака олиб кирадиган муҳим манба! Буни англаш учун яна нима қилмоқ керак?

Бундай хатолар туфайли Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ҳудудидаги Сангзор дарёсининг ўзани устига қурилган умумий фойдаланувдаги “М-39» магистраль ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларидаги кўприклар авария ҳолатига келиб қолган. Зарафшон дарёсининг оқими бўйлаб ўнг қирғоқда жойлашган “Зарафшон миллий табиат боғи” ҳудудида ер ости сувлари сатҳи 3-4 метргача пасайиши оқибатида дарахтлар қуриб қолмоқда.

Ачинарлиси, Қорадарё ва Оқдарёда қум-шағал материалларининг ноқонуний қазиб олиниши атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсир кўрсатиб, ҳозирги кунда дарёнинг сув сатҳи 5 метрга пасайиб кетган.

Дарёларни сақлаб қолиш, улардан оқилона фойдаланиш юзасидан катта саъй-ҳаракатлар олиб борилаётган бир пайтда ҳудудларда уларни 2040, 2050 йилларгача кон сифатида фойдаланишга бериб юборилганини қандай изоҳлаш мумкин? Демак, дарё ўзанидан кон сифатида фойдаланиш мумкинлиги борасида берилган экологик экспертиза хулосаларини яна бир бор таҳлил қилиб кўриш зарурати бор.

Тегишли мутасаддилар томонидан бу йўналишда сезиларли ишлар олиб борилмаётганлиги сабабли ушбу масала Сенат ялпи мажлисида такрор кўриб чиқилди. Сув танқислиги шароитида обиҳаётни исроф қилиш, муҳим манба бўлган дарёлар ўзанларини бузиш, экология, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиш, ўсимликларни қуритиш ва чўлланишни кескин ошириш каби ишлар давом этаётгани сенаторларни бефарқ қолдирмади. Зотан, минтақамизнинг кейинги тараққиёти, ҳеч шубҳасиз, сув манбаи билан чамбарчас боғлиқ эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Эътиборсизликнинг чегараси борми?

Сенатор Абдураҳим Эркаев масалани жойларда чуқур ўргангани боис унинг ниҳоятда долзарблиги ҳақида куюниб гапирди. Муаммонинг олдини бугун олмаса эртага кеч бўлишини таъкидлар экан, келгуси авлод олдидаги масъулиятни унутмаслик муҳимлигига алоҳида урғу берди.

— Муаммони ўрганиш жараёнида аҳвол бутунлай издан чиққанига амин бўлдим, — дейди у. — Тўғри, шаҳар ва қишлоқларимиз қайта барпо қилинмоқда, бунёдкорлик юксак суръатларда давом этяпти. Шу боис қурилиш материалларига, жумладан, қум-шағалга ҳам эҳтиёж ортиб бормоқда. Бу тушунарли. Лекин иккинчи томондан, экология масалалари, дарё ўзанларининг пасайиб кетаётганлиги йўлларга, кўприкларга салбий таъсир этаётгани ҳам бор гап. Илгари дарёлардан ўз оқими билан сув чиқадиган каналларга энди насослар ўратишга мажбурмиз. Дарё ўзанларида пайдо бўлаётган чуқурликларга сув кетяпти. Ўша жойда тўпланиб қоляпти, ғаллага, пахтага сув етиб бораётгани йўқ. Бир томондан ҳавога буғланиб кетаётган бўлса, иккинчи томондан тупроққа сингиб, ботқоқ ҳосил бўляпти.

Бу эса ҳар томонлама зарар. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан дарё ўзанларини узоқ муддатга, масалан, 50 йилга кон сифатида берилгани ниҳоятда ачинарли ҳол. Шундай экан, ўз-ўзидан савол туғилади: энди бу конлар муддати тугамагунча фаолиятини давом эттираверадими? Ёки биз тўхтата оламизми? Бизнинг иродамиз етадими, шунга? Бу масалани ҳал қилиш учун Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги нима чора кўряпти?

Сенат қарорида сув объектларидан ташқарида муқобил хомашё манбаларни аниқлаш ва уларни савдога чиқариш, дарё ўзанларидаги тадбиркорлик субъектларига берилган лицензияларни бекор қилиш белгиланган эди. Бироқ ушбу топшириқ бажарилмаганлиги сабабли ҳанузгача дарё ўзанларидан тинимсиз, шағал-тош, қум қазиб олинмоқда. Нега вазирлик Сенат томонидан зиммасига юклатилган топшириқни бажармаяпти? Биз “сих ҳам, кабоб ҳам куймасин” деб “маълумот учун қабул қилинсин”, деган гапларни қачонгача давом эттирамиз?..

Қум-шағал керак, лекин...

Сенатор А. Эркаевнинг куюнчаклик билан билдирган фикрлари юзасидан тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Азизхўжа Қобилов жавоб берди.

— Ҳақиқатан ҳам шундай давр бўлганки, дарё ўзанларидан фойдаланишга узоқ муддатли лицензиялар расмийлаштирилган, — дейди у. — Бундай узоқ муддатли лицензиялар 2019 йилгача бўлган муддатда берилган. Сенаторларнинг фикри тўғри. Бу бўйича биз Бош прокуратура, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда ишчи гуруҳ ташкил қилган ҳолда жойига чиқиб ўргандик. Берилган лицензия, рухсатномаларни икки босқичда — биринчиси, ичимлик суви таъминоти объектларига яқин жойлашган участкалар, кўприк атрофидаги объектлар бўйича рухсатнома ва шартномаларни, иккинчиси эса қолган барча участкалар бўйича рухсатномаларни бекор қилиш таклифлари билдирилган.

Бундан ташқари, Президент қарори билан дарё ўзанларини назорат қилувчи орган сифатида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги белгиланди. Кўтарилган масалалар ижросини таъминлаш шу вазирлик зиммасида. Улар бизнинг инспекторларимиз билан ҳамкорликда иш олиб боришади.

Кейинги масала — берилган 78 та рухсатнома ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги “Хавфсиз дарё” ДУК томонидан берилган 313 та шартномани бекор қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасидан, шахсан Бош вазир томонидан топшириқ бўлган эди. Муқобил хомашё материаллари манбаларини аниқлаш бўйича бугунги кунгача биз 125 та муқобил манбалар рўйхатини шакллантириб, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан бир тўхтамга келдик. Шундан 94 та муқобил участка бўйича келишиб олинди. Бу муқобил участкалардаги хомашё миқдори бугунги кунда шартнома асосида берилган дарё ўзанидаги хомашё миқдоридан 5 баравар кўп. Яъни дарё ўзанидаги объектларни муқобил участкаларга бемалол кўчирсак бўлади.

Бунинг учун шу йилнинг ўзида 40 та муқобил тош-қум олинадиган участкани аукционларга чиқариб, тадбиркорларга таклиф этдик. Айни пайтда эса юқорида айтиб ўтилган 94 та участкада қизғин иш олиб борилмоқда. Ҳар бир ҳудудда ҳокимликлар билан келишилган ҳолда бу участкалар ҳам босқичма-босқич аукцион савдосига чиқарилади. Ва дарё ўзанидаги барча фойдаланувчилар муқобил участкаларга ўтказилади.

— Ҳақиқатда ўрмон фонди ери дарё қирғоқларида жойлашган, — дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Алижон Маматкаримов. — Қум-шағал қазиб олинган дарё қирғоқларида дарахт экиш ишлари бошланди. Тўғри, илгари дарё қирғоқларида ўрмонзорлар барпо қилинарди. Эътиборсизлик туфайли бу ишлар сусайиб кетди. Эндиликда республика бўйича 400 гектар майдонда куз ва баҳор ойларида дарахт экиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди.

Дарвоқе, 86 та ўрмон хўжалигидаги қирғоқ бўйларининг 5 километр жойида баҳорги мавсумда кўчатлар экилган. Бундан ташқари, Чирчиқ дарёси ёқасига яқин жойларда 19 минг туп дарахт ўтқазилди. Бу саъй-ҳаракатни биз бутун республика бўйича оммалаштириб, тўлиқ қирғоқ бўйи ҳудудларда иқлим шароитига мос дарахтларни экамиз. Куз ойидан бошлаб бу ишга тўлиқ киришамиз.

— Бу фикрлар биринчи марта айтилаётгани йўқ, — дейди сенатор Рустам Холмуродов. — Қанча кўп айтилгани билан таъсири сезилмаяпти. Бунинг сабаби эса кўплаб раҳбарларда ватанпарварлик туйғуси йўқ. Ахир Ватан барчамизники, уларга ҳам тегишлику! Бу нима деган гап, ахир бугунги дарёларнинг аҳволини яқин ўн йилларда қайта тиклаб бўлмайди. “Қиламиз”, “бажарамиз” дейилгани бу аниқ жавоб эмас. Ўнлаб йиллар мобайнида биз дарёларни қайтариш мумкин бўлмаган даражага олиб келдик. Ўзанлари кенгайиб, чуқурлашиб кетган, сув йўқоляпти. Соҳиллардаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига қирон келяпти. Бу — миллий бойликку! Фақат Ўзбекистонда бу ўсимликлар, бундай ҳайвонлар бор. Наҳотки, пул, олинадиган фойда Ватандан ҳам қимматли бўлса?!

Президентимиз кейинги етти йилликка мўлжалланган дастурда сувни тежашга дахлдор масалаларни ҳам изоҳлади. Қанча сувни биз ерларга йўқотяпмиз, уларни бетон ҳавзаларга, лотокларга туширамиз дедик. Унданам кўп сув дарёларнинг ўзида йўқолиб боряптику! Сенат олий орган эмасми? Нега унинг қарори бажарилмайди? Биласизми, Самарқанд вилоятининг ўзида Қорадарё, Оқдарё қирғоқлари кенгайиб, 500 метрлик ўзан пайдо бўлган. Сув камайиб кетяпти, чашмалар қуриди. Нега лицензияларни муддатидан олдин бекор қилмаймиз? Дунёнинг аксарият мамлакатларида тоғ маҳсулотлари қурилиш материаллари сифатида ишлатилади. Нега биз шу усулга ўтмаймиз? Бизга ким халақит беряпти?..

Бурч, масъулият, дахлдорлик

Дарёлар муаммоси сенаторлар томонидан бир неча бор кўтарилганига қарамасдан айтарли ижобий натижага эришилгани йўқ. Аслида муаммонинг ечими бор, уни ҳал қилса бўлади. Бу ҳақда Сенат Раиси Танзила Норбоева ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

— Вазирликнинг бизга берган ахборотидан ва сенаторларнинг юракдан чиқариб айтган эътирозларидан сезилиб турибдики, парламент сўрови доирасидаги ишлар қониқарли эмас, — деди Сенат Раиси. — Мутлақо бажарилмаган, десак, тўғри бўлади. Иккинчи маротаба кўриб чиқяпмиз. Оғир аҳволдаги Чирчиқ, Оқдарё, Зарафшон, Қашқадарё, Сангзор, Қорадарёда саноат миқёсида қум-шағал қазиб олишга мораторий эълон қилиш масаласи эътиборсиз қолдирилганини қандай тушуниш мумкин? Ёки ҳудудларда қум-шағальни фақат дарёдан олавермасдан бошқа жойлардан, масалан, тоғли ҳудудлардан алоҳида саноат зоналари ташкил этиб олиш масаласи ҳам очиқ қолган.

Булар алоҳида вазирлик ёки ҳокимлик томонидан эмас, балки кенгроқ даражада ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалардир. Ўзи умуман, парламент сўрови муайян муаммога нисбатан давлат органининг, унинг мансабдор шахси нуқтайи назарини билиш учун, муаммо бўладиган бўлса, уни ҳал қилиш йўлларини аниқлаш ва бартараф этиш учун юборилади. Лекин тақдим қилинадиган маълумотлар ушбу йўналишда бажарилган ишларни аниқлаш имкониятини бермаяпти.

Гапни айлантириб жавоб беряпсизлар, муаммо ҳал бўлгани йўқ. Агар мораторий эълон қилиш мақсадга мувофиқ бўлмаса, алоҳида саноат зоналари ташкил этиш қийин бўлса, сўровда кўтарилган бошқа муаммоларни ҳал қилишда реал қийинчиликлар бўлса, тегишли вазирликлар, ҳукумат уни умумлаштириши керак.

Бу муаммо бизнинг шароитда борган сари долзарблашиб кетяпти. Неча йиллар олдин Орол муаммоси ҳам шундай бошланган эди, ҳеч ким эътибор бермасдан шу ҳолатга келиб қолдик. Ҳозир дарёларимиз бўйича вазият жуда оғир. Бу ҳақда халқ вакиллари, жамоатчилик ҳам, биз, яъни парламент ҳам бонг уряпмиз. Бу Ватанимиз тақдири учун энг долзарб масала эканини ёддан чиқармаслик керак.

Дарҳақиқат, дарёлар бизнинг асосий ҳаёт манбаларимиздан бири ҳисобланади. Бугун уларнинг кўз ўнгимизда йўқолиб бораётгани ниҳоятда ачинарли ҳол, албатта. Оддий мисол: Чирчиқ дарёсининг рельефи бузилиши натижасида дарё ўзани сатҳи Тошкент вилояти ҳудудида 2-3 метргача, Тошкент шаҳрининг Роҳат кўли яқинида аввалгига нисбатан 10 метргача пасайиб кетган. Қум-шағал материалларини тартибсиз ва рухсатсиз қазиш натижасида ер усти ва ер ости сувлари камайиб кетиши кузатилмоқда. Дарё водийсида яшиллик олами йўқолиб бормоқда. Бу биргина Чирчиқ дарёсида эмас, юртимиздаги бошқа дарё ва кўлларда аҳвол бунданда ёмон.

Хуллас, бундай дарёларнинг ачинарли ҳолатга келиб қолишининг боиси эса табиатга, уларнинг тақдирига бефарқлик оқибатидир. Агар ҳар биримизнинг қалбимизда юртимиз табиий бойликларини асраб-авайлаш ва уни келгуси авлодга етказишдек ватанпарварлик туйғуси жўш урмас экан, бу аҳвол давом этаверади. Буни эса келажак авлод ҳеч қачон кечирмайди.

2022 йил давомида белгиланган ҳудуддан ташқарида 157 минг куб метр ҳажмда қум-шағал ноқонуний тарзда қазиб олинганлиги бўйича Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида 30 та ҳолат аниқланиб, тадбиркорларнинг лицензиясини бекор қилиш юзасидан суд органларига 35 та тақдимнома киритилган.

Норуда материалларини ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари бўйича Самарқанд вилоятида 343 нафар шахсга нисбатан 1,2 млрд. сўм, Жиззах вилоятида 158 нафар шахсга нисбатан 474 млн. сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса Самарқанд вилоятида 83 нафар шахсга нисбатан 273 млн. сўм, Жиззах вилоятида 40 нафар шахсга нисбатан 134 млн. сўм маъмурий жарима қўлланилган.

Фахриддин БОЗОРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер