«Дарёга айландим, ўйчан дарёга…»
Дунёда шундай ижодкорлар борки,бутун умр сўз билан нафас олиб, сўз билан яшайди. Шавкат Раҳмон ана шундай шоирлардан бири эди, десак адашмаймиз. Миллат қайғуси билан яшаган ушбу инсонни бугун виждон шоири деб аташлари ҳам бежиз эмас. «Юрак қирралари», «Гуллаётган тош», «Уйғоқ тоғлар», «Ҳулво» каби кўплаб ўлмас шеърий тўпламлар муаллифи Шавкат Раҳмон таваллудига бу йил 70 йил бўлди.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси томонидан Адиблар хиёбонида ўтказилган адабий учрашувда дўстлари, шогирдлари шоир ҳақида хотиралар, машаққатли ва ибратли ижод йўли кабилар тўғрисида сўзладилар. Шавкат Раҳмон ҳамкасблари унинг ишда ҳам, ижодда ҳам собит тура олган шахс бўлганини эътироф этади. Буни шоирнинг ўткир сўзларидан, «Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир!», «Ёвга терс қараган мусулмон эмас!», «Дарёга айландим, ўйчан дарёга», «Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим, Бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ» каби олов сатрларидан ҳам сезиш мумкин.
— Мен Шавкат Раҳмон билан талабалик йилларимда танишганман. Шоир ўша пайтлари Ғафур Ғулом нашриётида шеърият бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлар эдилар, — дейди Эшқобил Шукр. — Аслида лавозим жиҳатидан ҳам, иш жиҳатидан ҳам бу бир кичкина бўлим эди. Лекин шу кичкина бўлим ҳам бутун бир ўзбек адабиётига таъсир ўтказа олган, унинг ривожига хизмат қила олган бўлим бўлган, десам адашмайман. Шавкат Раҳмон коммунистик партияни советнинг номини куйлаб, майдонни ҳеч кимга бермай юрганларнинг китобларини қатъий туриб қайтаргани, бунинг натижасида қанча таънаю дашномларга, ҳатто таҳдидларга учраганига гувоҳ бўлганман. Лекин шоир барибир собит турди. Миллатнинг дидини бузадиган, савиясига салбий таъсир кўрсатадиган нарсаларга қарши собит тура билган. Ана шундай, ишда ҳам, ижодда ҳам бирдай собит тура олган мард шоир эди Шавкат Раҳмон… Унинг хотираси, шеърияти халқ юрагида абадий яшайди.
Юлдуз ЎРМОНОВА,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг