Данғарада сув тежовчи технологиялар жорий этилди

11:31 07 Март 2025 Жамият
127 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятининг пойтахт ва мамлакатимиз бошқа вилоятлари билан боғловчи ўзига хос рамзий дарвозаси ҳисобланган Данғара туманида кўкламнинг илк нишоналари бўй кўрсата бошлади.

Шу кунларда Данғаранинг гўзал ва бетакрор табиат масканларига ёндош ҳудудларда жойлашган далалардаги илиқ ҳаво, кўм-кўк бўлиб яшнаётган ғалла майдонлари фермерлар, миробларнинг ғайрат-шижоатини янада жўштиради. Боиси ғаллачиликда муҳим агротехник тадбир – суғориш юмушларига киришилмоқда.

— Қишлоқ хўжалигида сув манбаларининг 90 фоиздан ортиғи трансчегаравий дарёларга боғлиқ. Шу сабабли сув тежовчи технологияларни жорий қилиш жуда ҳам муҳим, — дейди Данғара тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасининг сув тежовчи технологиялар ва рақамлаштириш бўйича бош мутахассиси Адҳамжон Ғаффоров. — Айни жиҳатларни инобатга олиб, сўнгги тўрт йил мобайнида тумандаги 3000 гектар ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Бу йил ушбу кўрсаткични кескин даражада кўпайтириш мақсад қилинган.

“Ҳожиакбар замин файзи” фермер хўжалигида тежамкор технологиялар ўрнатилиб, бугунги кунда 28 гектар майдонда парваришланаётган бошоқли дон экини баравж ривожланмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, хўжалик ерларида ўтган йилларга нисбатан тўрт-беш маротаба кам сув сарфланишига эришилди.

Бу борада тумандаги фермер хўжаликлари ғалла майдонларида нафақат ёмғирлатиб суғориш, балки эгилувчан қувурлар ёрдамида мобиль суғориш технологиялари ҳам амалиётга кенг татбиқ қилинмоқда. Хусусан, бу йил яна тумандаги 18 та фермер хўжалигида мобиль суғориш технологияларини жорий этиш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?