Чиқиндидан иқтисодий юксалиш сари

11:20 23 Февраль 2026 Жамият
267 0

Андижон вилоятида чиқиндиларни қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бу жараён нафақат, вилоят иқтисодиётини юксалтиришга, балки ҳудуд экологияси софлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Жумладан, Андижон туманидаги “Техно инноватор” МЧЖда 200 турдан зиёд маҳсулот тайёрланаётгани саноат тармоғидаги ўсиш суръатларини яққол намоён этмоқда.

– Корхонамиз 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда ҳозир импорт ўрнини босувчи пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқармоқдамиз,-дейди корхона таъсисчиси Фарҳодбек Мирзаев. -Шунингдек, Асака автомобил заводида ишлаб чиқарилаётган машиналар учун бир нечта турдаги эҳтиёт қисмларини тайёрлаймиз. Ўтган йили 45,1 миллиард сўмлик 7,5 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шундан 1 миллион 210 минг долларлик маҳсулот Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинди.

Андижон туманида жойлашган мазкур корхонада кейинги йилларда ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини оширишга қаратилган қатор амалий ишлар бажарилди. Хусусан, 2024 йилда Хитойдан қиймати 674 минг АҚШ долларига тенг беш турдаги, 2025 йилда эса 790 минг долларлик тўрт турдаги термопласт дастгоҳлари ҳамда бир неча хил қолиплар олиб келиниб, ишга туширилди. Бугунги кунда 125 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган корхонада дам олиш хонаси, тиббий пункт ва бепул тушлик каби шароитлар яратилган. Шу билан бирга, техникумлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, “Корхона – таълим муассасаси” тизими асосида ўқувчиларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлашига имконият яратилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

 

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?