Чиқиндидан даромад сари

10:58 17 Февраль 2026 Жамият
231 0

Тан олиш керак, бугунги кунда республикамизда маиший чиқиндилардан унумли фойдаланиш масаласи етарли даражада йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, ривожланган давлатларда бир тонна маиший чиқиндини қайта ишлаш орқали ўртача 80–150 АҚШ долларигача қўшимча қиймат яратиш мумкин. Айрим мамлакатларда чиқиндидан энергия, иккиламчи хомашё ва саноат маҳсулотлари олиш орқали янада юқори иқтисодий самарага эришилмоқда. Бизда эса ҳар куни минглаб тонна чиқиндилар иқтисодий айланмага киритилмасдан, манфаатсиз ҳолда полигонларда ётибди. Бу нафақат иқтисодий имкониятларнинг йўқотилиши, балки экологик муаммоларнинг кучайишига ҳам сабаб бўлмоқда. Хўжаобод туманида мазкур муаммонинг тизимли ечимини топиш мақсадида янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Хитойнинг China CAMC Engineering Co., Ltd. компанияси иштирокидаги ушбу лойиҳанинг қиймати 146 миллион АҚШ долларини ташкил этади. У 10 гектар ер майдонида барпо этилмоқда ва келгусида чиқиндини қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

-Корхона кунига 1500 тонна маиший чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга бўлади,-дейди вилоят ҳокимлиги ходими Рустамжон Эшонов. -Йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса 240 миллион киловатт-соатни ташкил этиши кутилмоқда. Бу эса нафақат чиқиндиларни самарали утилизация қилиш, балки ҳудуднинг энергетик барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Лойиҳа доирасида 100 га яқин янги доимий иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Мазкур инвестиция ташаббуси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндилар ҳажмини камайтириш ҳамда “яшил энергетика”ни ривожлантириш борасида муҳим қадам сифатида аҳамиятлидир. Шунингдек, у Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?