Чин дўст ҳақида ҳаётий ҳикоя
Маҳмуднинг болалиги интернатда кечди. Бухоро тумани марказидаги 1 мактабда ўқиди. Синфдоши Муроджон билан дўстлашди. Ораларидан қил ҳам ўтмасди.
Ғирт етим ўсган Маҳмудни кейинчалик ўртоғи уйига бошлаб келди. Муроджоннинг ота-онаси уни ўз фарзандларидек қабул қилишди. Йигитча шу оилада яшай бошлади. Мактабни тугатгач, Маҳмуд Самарқанд давлат тиббиёт институтига, Муроджон эса Тошкент давлат университетига ўқишга кирди.
— Ўшанда пулдан қийналиб қолган кунларим эди, — дея талабалик йилларини эслайди Маҳмуд Аҳмедов. — Кутилмаганда дўстим Муроджон ётоқхонамизга кириб келса бўладими? Ҳайрон қолганимни сезиб, “Онамнинг тушларига кирибсан. Менга қўнғироқ қилдилар. Самарқандга бориб, дўстингдан хабар ол”, дея тайинладилар”, деди .Кейин чўнтагимда сариқ чақа ҳам йўқлигини билгач, оёғидаги яп-янги туфлисини ечди-да талабалар гавжум ерга қўйди. Дўстим пойабзалига ўша пайтнинг пули билан 30 сўм нарх белгилади. Бу пулга унма-мунча талабанинг туфлини сотиб олиши мушкул эди. Шунга қарамай, икки харидор чиқди. Аммо нархини “Қиммат” дейишди.
Шунда Муроджон “Ошнолар, кўриб турибсизлар, оёқяланг турибман. Лекин дўстимга ёрдам қилмасам бўлмайди”, дейди. Буни қарангки, иккала харидор талаба ўзаро маслаҳатлашиб, 15 сўмдан пул йиғишади ва туфлини сотиб оладилар.
Муроджон пулнинг 20 сўмини Маҳмудга беради. Қолган пулга дўкондан ўзи учун арзон-гаров туфли сотиб олади. Сўнг Тошкентга жўнаб кетади.
— Орадан йиллар ўтди, — дея давом этади Маҳмуд Аҳмедов. — Дўстим ва унинг оиласи менга таянч бўлгани туфайли ҳаётдан ўз ўрнимни топдим. Бунинг учун мен улардан бир умр миннатдорман.
Айтмоқчи, Маҳмуд Аҳмедов узоқ йиллар эл-юрт саломатлиги йўлида меҳнат қилди. Тиббиёт фанлари номзоди саналган бу инсон айни дамда меҳнат фахрийси. Унинг қиёматли дўсти Муроджон Баракаев эса туманда турли раҳбарлик лавозимларида ҳалол ишлаб, эл ичида обрў-эътибор топди.
Бугун ён-атрофимизга боқиб, яхшиликни соғинган одамларни кўрганимизда, меҳр-оқибат, ҳеч бир таъмасиз мурувват қилишдек эзгуликлар ўрнини мол-дунё, ҳашамат ва аллақандай жуда майда орзулардан иборат очкўзлик эгаллаган ҳолатларга дуч келганимизда, Муроджон ва Маҳмуд ака каби катта ҳарфлар билан ёзиладиган ИНСОНлар орамизда кўпайишини ич-ичимиздан истаймиз. Шундай эмасми?
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг