Чилонзорда психотроп таблеткалар савдоси билан шуғулланган 28 нафар шахс қўлга олинди
Иллюстратив фото
“Халқ сўзи Оnline”/Раҳим Шерқулов. Гиёҳвандлик, психотроп моддалар... Бу сўзлар қулоққа чалиниши билан киши бир сесканиши табиий. Боиси, унинг нафақат истеъмоли, балки мамлакатимиз ҳудудига кириб келишининг ўзиёқ инсонлар ҳаёти ва жамиятимиз равнақига катта хавф туғдириши мумкин. Шу боис юртимизда психотроп ҳамда кучли таъсир этувчи препаратларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга ошириш мунтазамлик касб этган.
Аммо, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, орамизда ушбу турдаги маҳсулотлар савдоси билан яширинча шуғулланишга ҳаракат қилаётган фуқаролар ҳам йўқ эмас.
Чилонзор тумани адлия бўлими ходимлари томонидан ҳудуднинг 16-мавзесида фаолият юритадиган тадбиркорлар билан уюштирилган суҳбатда қонунчилигимизга зид равишда “Трамадол” ва бошқа шунга ўхшаш психофаол препаратлар олди-сотдиси билан шуғулланаётган уддабурон “тадбиркорлар” ҳақида маълум қилинади. Шундан сўнг суҳбат чоғида берилган далиллар белгиланган тартибда ўрганилиб, тезкор тадбирлар ўтказилиши натижасида ҳуқуқбузарлар фаолиятига чек қўйилади.
— Тадбиркорлар ўзлари юритаётган дўконлари яқинида ёшлари тахминан 25-35 ёшдаги шубҳали фуқаролар “Трамадол” сингари психотроп гиёҳванд дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан, асосан, кечки 18:00 — 22:00 ларда шуғулланишини маълум қилишди, — дейди Чилонзор тумани адлия бўлимибошлиғи Жўрабек Махсудов. — Тегишли ҳуқуқ органлари ҳамкорлигида ўрганилганда ҳақиқатан ҳам шундай бўлиб чиқди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан 28 нафар фуқарога нисбатан жазо чоралари кўрилди.
Бугунги кунда ҳуқуқ-тартибот идоралари тақиқланган психотроп воситалар савдосига барҳам бериш борасида тегишли чора-тадбирларни кўрмоқда. Натижада қисқа муддат ичида “Трамадол”, “Лирика”, “Баклосан” каби препаратлар ва бошқа дори воситаларини мамлакатимизга контрабанда йўли билан, божхона ва чегара қоидаларини бузган ҳолда, қўшни республикалардан олиб кираётган 150 дан ортиқ шахслар қўлга олиниб, ноқонуний фаолиятига нуқта қўйилган.
Дарвоқе, юқорида номлари келтирилган препаратнинг салбий таъсири хусусида икки оғиз сўз. Мутахассислар хулосасига кўра, “Трамадол” сингари препаратлар гиёҳванд моддаларнинг синтетик аналоги ҳисобланади. Унинг истеъмоли инсоннинг марказий асаб тизими ва ички органларининг жиддий шикастланишига ҳамда ногирон фарзандлар туғилишига сабаб бўлади. Психотроп таблеткалар таъсири остида оғир жиноятлар содир этилмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
- Пойтахтга автомобиллар киришига ҳеч қандай тақиқ йўқ — Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг