Бузоқнинг югургани сомонхонагача

11:39 15 Октябр 2021 Жамият
773 0

Кредитни ўз вақтида ундириш бугун тижорат банкларини ташвишлантираётган долзарб масалалардан бири. Боиси, “Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним” феъл-атворидаги айрим кишиларнинг  билдирилган ишончни суиистеъмол этиши, кредитни ўз  вақтида қайтариш мажбуриятига бепарво ёндашуви кредит берувчи молиявий ташкилотларни танг аҳволга рўбарў қилмоқда. Ва, табиийки, қонуний тартибда суд органларига мурожаат қилишга тўғри келмоқда.

Бухоро туманидаги “A.B.SAXOVATI” масъулияти чекланган жамияти “Халқ банки”дан жами 100.470 АҚШ доллари миқдоридаги кредит олиб, “HOWO” русумли автотранспорт воситасини гаровга қўйганди.

Қарздор олинган кредитни ўз вақтида қайтармади. Кредит шартномаси бўйича белгиланган мажбуриятини бажармади. Шу сабабли ФИБ Бухоро туманлараро судининг тегишли ижро варақасига асосан қарздор “A.B.SAXOVATI” МЧЖ томонидан АТ “Халқ банки” фойдасига жами 100.470 АҚШ доллари миқдоридаги кредит қарздорлигини ундириш, ундирувни гаров мулки бўлган “HOWO” автотранспорт воситасига қаратиш белгиланди.

-Ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Бухоро туман бўлими иш юритувига келиб тушди,- дейди МИБ туман бўлими бошлиғи Санжар Шаропов. - Шунда қарздор томон қинғир йўлга ўтгани маълум бўлди. Гаровга қўйилган автомашина қасддан яширилгани аниқланди. Автомашинага қидирув эълон қилинди. Бузоқнинг югургани сомонхонагача, дейишади. Автомашина ҳам топилди, жарима майдончасига жойлаштирилди. Охир-қибат 100.470 АҚШ доллари миқдоридаги қарздорлик банкка қоплаб берилди.

 

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?