Бундан 58 йил муқаддам қурилган ўйингоҳ замонавий қиёфа касб этди

15:30 03 Июнь 2025 Жамият
158 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Когон шаҳридаги «Локомотив» ўйингоҳи 1967 йилда барпо этилган. Вақт ўтиши билан у замонавий талабларга жавоб бермай қўйди. Таъмирталаб ҳолга тушди. Ваҳоланки, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, спортнинг у ёки бу тури билан профессионал даражада шуғулланиш учун бу иншоот жуда керак.

Ана шуни ҳисобга олган Бухоро вилояти ҳокимлиги бу ердаги эски биноларни демонтаж қилиш ва улар ўрнига янги, замонавий қулайликларга эга иншоот барпо этиш фикрига келди. Дастлабки босқич учун ажратилган 3,5 миллиард сўм миқдоридаги маблағ шу мақсадга йўналтирилди. Натижага 3,5 минг томошабин ўрнига мўлжалланган икки қаватли трибуна қад ростлади. Майдон ҳолати яхшиланди. Инфратузилма ўзгарди. Бир сўз билан айтганда, «қария» ўйингоҳ чинакамига ёшарди.

— Когон шаҳри спорт соҳасида бой анъаналарга эга, — дейди меҳнат фахрийси И. Ҳожиев. — Ўз вақтида бу гўшадан бокс бўйича тўрт карра Ўзбекистон чемпиони, 1996 йилги Атланта олимпиадаси қатнашчиси, 1994 йилги жаҳон кубоги соҳиби Наримон Отаев, жаҳон ва олимпиада чемпиони Шаҳобиддин Зоиров сингари спортчилар етишиб чиққан. Когонлик футзалчилар жамоаси номи ҳам мамлакатимиз спорт мухлисларига яхши таниш. Шу нуқтаи назардан «Локомотив» ўйингоҳининг тубдан реконструкция қилингани шаҳримиз аҳолиси, айниқса, спортсевар ёшларни беҳад хурсанд қилди.

Ўйингоҳнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган маросимда спортчи ўғил-қизлар ўз маҳоратини намойиш этди. Тадбир дастуридан ўрин олган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?