Бундан 24 йил муқаддам иш бошлаган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи тарихида журналистлар учун иккинчи бор пресс-тур ташкил этилди

Фото: Истам Иброҳимов / Халқ сўзи
1997 йилнинг 22 августида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг биринчи навбати ишга туширилганди.Мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган ушбу корхона дарвозаси яқин – яқингача биз, журналистлар учун берк эди, десак янглишмаймиз.
Замон ўзгарди. Дунёқарашлар ҳам. Жамиятимиз очиқлик, шаффофлик сари юз тутмоқда. Худди шундай, корхона маъмурияти ҳам оммавий ахборот воситалари ходимлари учун завод тарихида иккинчи бор пресс-тур ташкил этди.
-Корхона иш бошлаганида 7-8 хил маҳсулот ишлаб чиқарган, - дея эслайди завод бош муҳандиси Бахтиёр Мустафоев. - Бугунги кунда эса 20 дан ортиқ марка(русум)даги, 9 турдаги маҳсулот тайёрланяпти. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларимиз қаторига АИ-80, АИ-91, АИ-92, АИ-95, QuWатт АИ-95 бренди ва янги АИ-98 автомобиль бензинини қўшиш мумкин.
Кейинги йилларда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, сифатни яхшилаш, истеъмолчиларнинг сифатли нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида қатор ишлар бажарилди. Жумладан, “QuWatt” бренди остида автобензин ва дизель ёнилғиларини ишлаб чиқариш бўйича чоралар кўрилди.
-Янги модификацияли, юқори октанли, халқаро андазалар даражасидаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан кўзланган мақсад атроф-муҳит тозалигига ҳисса қўшишдир,- дейди корхона инновация менежери Руслан Ҳожиев. - Ўз навбатида биз маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда ишлаб, муайян натижаларга эришаяпмиз. Масалан, ишлаб чиқариш жараёнида қўлланиладиган хлоридлар адсорбентини тайёрлаш технологиясини ўзлаштирдик. Илгари у Франциядан импорт қилинарди. Биргина шу ишланма корхонага 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни тежаб қолиш имконини бермоқда.
Пресс-тур давомида журналистлар автомобиль бензини ишлаб чиқариш жараёни билан танишдилар. Хом ашёни қабул қилиш ва тайёр маҳсулотни истеъмолчиларга жўнатишга ихтисослашган эстакада, марказий бошқарув пункти, таҳлилхона фаолияти, корхона ишчи-ходимлари саломатлигини муҳофаза қилиш борасида яратилган шарт-шароитлар ҳам эътибордан четда қолмади.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг