Бумайрам опанинг меҳр гуллари

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бағдод туманида Бумайрам Ҳасанова гулчи опа сифатида танилган. Ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида гулчилик билан шуғулланиб келаётган нафосат олами шайдоси ҳамиша тиниб-тинчимаслиги, янгиликка интилиши туфайли маҳалладошларининг меҳрини қозонди.
Аслида бугунги кунда опани нафақат бағдодликлар, қўшни Ўзбекистон, Учкўприк туманлари, қўйингки, вилоят миқёсида ҳам яхши танишади. Сабаби, опа парваришлаган мавсумий, бир ва кўп йиллик анвойи гуллар Қўқон ҳудуди туманларида, вилоят бўйлаб тобора оммалашиб бормоқда. Шунга қарамай, гулчилар оиласи бир кун ҳам изланиш ва интилишдан тўхтагани йўқ. Йилнинг тўрт фаслида ҳам опа тиним билмайди. Фарзандлари унга яқин кўмакчи. Шундан оилада файз ва барака бор. Нафосат олами гўзалликлари оила аъзоларининг кундалик меҳнат фаолиятида тўлиқ акс этади.
— Қишлоғимиз кўҳна тарихга эга бўлиб, азалдан деҳқончилик, тадбиркорлик, ҳунармандчилик яхши ривожланган, — дейди “Ултарма” МФЙ раиси Иқболжон Маҳмудов. — Бугун маҳалла аҳли ота-боболардан мерос ишни ўзгача меҳр ва иштиёқ билан давом эттирмоқда.
Маҳалладаги Жарқишлоқ кўчасида яшовчи Ҳасановлар оиласи гул кўчатлари етиштириш бўйича ўзига хос тажриба мактаби яратган. Хонадондаги 6 сотих иссиқхонадан гулчилик фаолияти орқали бир йилда ўртача 300 миллион сўм даромад олади. Миришкор оила соҳиблари маҳалладаги бўш турган томорқалар, йўл бўйларидан ҳам унумли фойдаланиб, даромад салмоғи янада кўпайишига эришмоқда.
— Меҳнат қилган элди азиз, — дейди гулчи опа.— Шу ишимиз туфайли давлатимиз, халқимиз эътибори ҳамда меҳридан баҳраманд бўлмоқдамиз. Бундан икки йил олдин вилоят ҳокими хонадонимизга келиб, кўксимга “Илғор томорқачи” кўкрак-нишонини тақиб кетди. Бугун қаерга борсам, ҳамюртларимиз мени танийди. Меҳнатимни алоҳида ҳурмат билан эътироф этади.
Оиланинг эркатой қизи Муниса қўшни қишлоққа келин бўлиб, мазкур хонадонни гулу чаманзорга айлантирди. Ҳозирда мазкур оилада мавсумий гуллар, манзарали дарахт кўчатлари етиштириб сотилади. Қудалар ҳам шундай қиз тарбиялагани учун Бумайрам опадан миннатдор. Оиланинг суянган тоғи Қиличбек ҳам онасига елкадош. Она-бола биргаликда 150 хилдан ортиқ ноёб гул кўчатларини етиштирмоқда. Бу гулларнинг харидори нақд, шу боис катта йўл бўйидаги гул растаси ҳамиша гавжум.
Албатта, гулчилик соҳасида ҳам илм-фан ютуқлари, инновация ғоялари жуда муҳим. Янгиликка интилиб, фаолият кўламини тобора такомиллаштириб бормасангиз, ҳалол рақобат шаротида орқада қолиш аниқ. Шунинг учун ҳам оила аъзолари мунтазам равишда мамлакатимиз, дунё миқёсидаги янгиликларни синчиклаб кузатиб боради. Ушбу оила гулчиликка ёндош соҳа сифатида қиш ва эрта баҳорда арча, павлония сингари ўнлаб турдаги манзарали кўчатлар ҳам етиштиради.
—Ўтган йили Нидерландиядан олиб келинган янги гул кўчати уруғини маҳаллий шароитда кўпайтиришга муваффақ бўлдик, — дейди гулчи опа.—Бу навнинг ноёблиги шундаки, у йилнинг тўрт фаслида, ҳатто қиш мавсумида ҳам бирдек очилиб, борлиққа анвойи ифор таратади. Дастлаб Бағдод тумани марказий кўчаларига, кейин буюртма асосида қўшни туманларга ҳам олиб бориб экиб бердик. Бугунги кунда кўпроқ оқ ранглиси экилаётган бўлса, яқин истиқболда қизил, сариқ рангли навларини ҳам кўпайтиришни мақсад қилганмиз.
Сўнгги йилларда Бағдод туманида интенсив усулда Нидарландия лолалари, ранг-баранг гулларини парвариш ва мўмай даромад олиш тобора оммалашмоқда. Бу гулчилик соҳасида нафақат ички бозор эҳтиёжини тўлдириш, балки экспорт қилиш имконини бермоқда. Бундан ҳар қанча қувонсак, фахрлансак арзийди.
Байрам кунлари Бумайрам опанинг гул дўконига ташриф буюрувчи меҳмонларнинг кўнгли тоғдек кўтарилади. Опа ҳар бир меҳмонга ял-ял товланиб, кайфиятни кўтарадиган анвойи гул совға қилади. Бироз иккиланиб турган меҳмонга, гулчи опа майин табассум қилади:
—Бу меҳр гуллари, олаверинг! Ҳаётингиз гулдек чиройли бўлсин...
Дунёни гўзаллик қутқаради, деганлари шу бўлса керак-да. Бумайрам опанинг меҳр гуллари қалбларга ҳамиша гўзаллик улашаверсин!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Андижон вилояти ҳокими 15 ёшли қизни зўрлагани тўғрисидаги хабарларга изоҳ берилди
- CEFR имтиҳонининг ўтказилиш саналари маълум бўлди
- Истанбул аэропортида танасига 6 кг олтин яширган ўзбекистонлик аёллар ушланди
- Йўл ҳаракати қоидабузарликларнинг жарима баллари қачондан кучга киради?
- Шоирнинг аёли бўлиш шараф
- 9 ёшли қизчанинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 4 йилга қамалди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг