Бухоронинг сайёҳлик салоҳияти

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Яқинда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси томонидан юртимизда навбатдаги лойиҳа амалга оширилди. Унга кўра, қувайтлик таниқли журналист, медиа-консультант, инстаграм ижтимоий тармоғи саҳифасида 21 миллионга яқин кузатувчиси бўлган Абдулкарим Фалиҳ ал-Ҳиндал ал-Ҳошимий Бухорога келиб, қадимий шаҳар билан яқиндан танишди.
— Қадимий шаҳрингизнинг ҳар бир кўчасидан тарих уфуриб турибди, — дейди у ҳайратини яширолмай. — Ота-боболарингиз ақл-заковати маҳсули бўлган мадрасаю масжидлар, минорлар, хонақолар, карвонсаройлар, савдо тоқлари, шунингдек, миллий қадриятлар, анъаналар кувайтликларни ўзига ром этиши тайин. Шу боисдан мен Бухоронинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб этишга бел боғладим.
Сўзни хорижлик ҳамкасбимизнинг эътирофидан бошлаганимиз бежиз эмас. Туризм ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий-маданий аҳамиятга эга кенг қамровли соҳа эканлиги билан ажралиб туради.
— У даромадлилиги бўйича дунёда учинчи ўринда туради, — дейди Бухоро давлат университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Аброр Жўраев. — Бу фикрни Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) маълумотлари тасдиқлайди. Уларга кўра, бутун жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоиздан ортиғи, инвестицияларнинг 7, солиқ тушумларининг 5, истеъмолчилик харажатларининг 11 фоизи туризм индустрияси улушига тўғри келади. Биз учун янада аҳамиятли бўлган жиҳати шундаки, соҳа кам харажат қилган ҳолда кўп иш ўрни яратиш имконини беради. Дейлик, дунё бўйича ҳар 16 та янги иш ўрнининг биттаси туризмга тааллуқлидир.
Таҳлиллар кўрсатаяптики, вилоятда туризм тармоғида иш билан банд бўлганлар сони 52 минг нафардан зиёд. Бу 2016 йилдагига нисбатан қарийб 15 баравар кўп. Хўш, бу натижага нималар эвазига эришилмоқда?
Ўтган давр мобайнида меҳмонхоналар сони салкам беш мартага ошди. Улар бир пайтнинг ўзида 14 минг нафардан зиёд меҳмонни қабул қилиш имконига эга. Ҳозир 140 дан зиёд туристик компания фаолият кўрсатмоқда. 100 дан ортиқ ресторан, 300 дан ортиқ автобус ва микроавтобус меҳмонлар хизматида. Зиёрат туризми ҳам жадал ривожланмоқда. Бунга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Етти пир зиёратгоҳида амалга оширилган кенг қамровли ободончилик, бунёдкорлик ишлари муҳим омил бўляпти.
Бизга масъуллар айрим статистик маълумотларни тақдим этишди. Уларга разм солинса, 2023 йилда вилоятга 1, 387 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюргани маълум бўлади. Ваҳоланки, 2016 йил якунида бу кўрсатгич атиги 170 минг нафарни ташкил этган эди.
Давлатимиз раҳбари топшириғи билан биргина 2023 йилда 160 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Бухоро тарихий марказидаги 40 дан зиёд, туманлардаги қатор маданий мерос объектлари реставрация қилинди. Натижада қўшимча туризм объектлари ишга тушди.
— Туризм дейилганда шубҳасиз, инвестиция, экспорт, янги иш ўринлари, қолаверса, камбағалликни қисқартириш масалалари тушунилади, — дейди А. Жўраев. — Бу борадаги ташаббус ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, илмий асосланган таҳлил ва таклифларни ишлаб чиқиш, туризм соҳасини малакали кадрлар билан таъминлашда таълим тизими муҳим ўрин тутади.
Бухоро ва қўшни вилоятлар учун туризм соҳаси кадрлари Бухоро давлат университети ҳамда Бухоро туризм техникумида тайёрланяпти. Университетда бу борада базавий муассаса сифатида иқтисодиёт ва туризм факультети фаолият кўрсатмоқда. Туризм, меҳмонхона хўжалигини бошқариш каби таълим йўналишларида 620 нафарга яқин бакалавриат ва магистратура талабаси таълим оляпти. 30 нафарга яқин докторант ва мустақил изланувчи илмий ишлар билан банд. Яқинда ушбу таълим дастурлари Бутунжаҳон туризм ташкилоти UNWTO нинг TedQual аккредитациялаш тизими аудитидан муваффақиятли ўтказилди. Айтмоқчи, Бухоро давлат университети Ўзбекистонда TedQual аккредитациясидан ўтган биринчи таълим муассасаси саналади.
Бухорода сайёҳлик оқими кўпаймоқда. Жараён қўшимча туризм инфратузилмаларини яратиш заруратини ҳам кун тартибига қўймоқда. Негаки, мавжуд инфратузилма йилига кўпи билан 1,5-2 миллион нафар хорижий сайёҳни қабул қилиш имконига эга. Ваҳоланки, 2030 йилгача вилоятга ташриф буюрадиган меҳмонлар миқдорини 10 миллиондан ошириш, бунда хорижий сайёҳлар сонини 5 миллион нафарга етказиш, 2,5 миллиард доллар қийматида туризм хизматлари кўрсатиш мақсади кўзда тутилган.
Ана шулар ҳисобга олинган ҳолда вилоятда 600 дан ортиқ катта-кичик жойлаштириш воситалари, йирик халқаро бренд асосида фаолият юритувчи ўнлаб меҳмонхоналар қуриш, туризм бизнеси ва гастрономик объектлар ташкил этиш ҳамда транспорт логистикаси ишларини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг