Бухоролик олимлар замонавий инкубатор ихтиро қилишди 

16:47 16 Ноябрь 2021 Иқтисодиёт
1945 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бухоро муҳандислик технология институтининг профессор-ўқитувчилари, ассистентлар ва талабалардан иборат илмий гуруҳ томонидан товуқ, курка, бедана, ғоз тухумларидан жўжа чиқаришга мўлжалланган инкубатор яратилди.

— Бу инкубатор Ўзбекистон Республикаси миллий сертификатлаш тизимининг №UZ/SMТ 01.0026.68026963 рақами билан рўйхатга олинган мослик сертификатига эга, — дейди гуруҳ аъзоси, институтнинг Озиқ овқат ва кимё саноати машина ва жиҳозлар кафедраси мудири, техника фанлари номзоди, доцент М. Нарзиев. — Унинг қатор афзал жиҳатлари бор. Аввало, импорт қилинадиган инкубаторлар ўрнини тўлиқ босади. Қолаверса, 1000 дона тухумдан жўжа очишга мўлжалланган бундай ихчам ускуналар четдан келтирилмайди. Ишлаш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган. Инкубатор ҳарорати ва намлик даражаси таблода доимий кўриниб туради. Самарадорлиги ҳам юқори. Фақат йўриқномага амал қилган ҳолда ишлатиш талаб этилади, холос. Инкубаторлар фуқароларга субсидиялар асосида берилмоқда. Дарвоқе, йўриқномада инкубаторни ишга тайёрлаш, тўғри ишлатиш, носозлик юзага келганда қандай қилиб бартараф этишга оид барча маълумотлар келтирилган.

Эътиборлиси, вилоятнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи, оиласи «Темир дафтар»га киритилган етти нафар фуқаро мазкур инкубаторнинг дастлабки харидори бўлишди. 

Вилоят иккинчи сектори тавсиясига кўра, уларга ушбу инкубаторлар ажратилди. Мазкур ускунага эга бўлган Бухоро туманидаги «Арабхона» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Байрам Қаҳҳоровнинг билдиришича, инкубатор рўзғор каму кўстини тўлдиришга хизмат қиляпти. 

«Шу ускуна воситасида 380 та жўжа чиқардим. Жўжаларни сотиб дурустгина фойда кўрдим», дейди у.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер