Бухородаги ўн ёшга яшартирадиган ойна ҳақида эшитганмисиз?

15:05 25 Декабрь 2023 Жамият
1838 0

Архив сурат

Бухоро амирларининг Ситораи Моҳи Хосса ёзги саройи ХIХ-ХX асрлар Шарқ нафис меъморчилик санъатидаги ноёб тарихий-меъморий обидалардан бири саналади.

Ой монанд юлдузлар маскани маъносини англатувчи бу гўшанинг барча бинолари бухоролик моҳир усталар томонидан тикланган. Буюмлар эса асосан чет давлатлардан келтирилган. Сарой хоналаридаги мебеллар дуб дарахти ва қамишдан махсус тайёрланган. Улар Россия ва Франциядан олиб келинган. Гулдонлар ҳамда ҳайкалчалар учун мўлжалланган махсус тагликлар Россиядан, Япония ва Хитойдан, қандиллар эса Полшадан буюртма асосида тайёрлатиб келтирилган.

Ситораи Моҳи Хоссадаги кўзгулар айниқса, ўзининг нафислиги, ноёблиги билан ажралиб туради. Италиянинг Венеция шаҳрида тайёрланган биллур ойналар, Японияда қимматбаҳо тошлар билан безатилган ойна ва Россиядан келтирилган ойналар сарой даҳлизхоналари, аёллар ётоқхоналарида қўйилган. Венеция ойналари қалин биллурдан ясалган. Уларга турли нақш ва шакллар берилган. Асосига кумуш қоплама ёпиштирилган бўлиб, пастки қисми курси шаклида ишланган.

Ойна ҳақида турли туман ривоятлар бор. Айтишларича, ойнага узоқ муддат киприк (мижжа) қоқмасдан қараб турган аёл ўн ёшга яшарар эмиш. Бу ойнага қараган инсон ўз аксини юз фоиз кўраркан.

Кўргазмада “Қирқ қиз” номи билан машҳур ойна ҳам мавжуд. Россиядан Бухоронинг сўнгги ҳукмдорига совға тариқасида берилган бу осори атиқани “бахт ойнаси”, “муяссар” ойнаси деб ҳам номлаганлар. Гап шундаки, бу кўзгу олдида турган киши ўнг ва чап томонга қараб ўзининг бир ёки икки эмас, қирқта аксини кўради. Шундан бўлса керак, ойна олдида қилинган ният қирқ кунда амалга ошади, деган ақида юради.

Аслида шу юртнинг ўтмиши, бугуни ва эртасига бефарқ бўлмаган маърифатли киши халқимизнинг бой маънавий меросидан баҳра олиш, бу борадаги тасаввурларини кенгайтириш, билимини ошириш ниятини дилига жо этади ва музейларга ташриф буюради.

Ситораи Моҳи Хосса шу ниятнинг рўёбга чиқишига туртки вазифасини ўтайдиган ноёб гўшалардан биридир. Зеро, аҳамияти жиҳатидан у жаҳон маданиятида Париждаги Лувр қироллар қароргоҳи, Версалдаги князлар, Санкт-Петербургдаги Екатерина ва Николай саройлари, Қримдаги Ливада саройи билан бир қаторда туради. 
Наргиза ЖУМАЕВА,
Бухоро шаҳридаги Ситораи Моҳи Хосса халқ амалий безак санъати музейи катта илмий ходими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?