Бухорода «Саховат ва кўмак» жамғармаси 6 ярим мингдан зиёд оилага ёрдам кўрсатди
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилояти Пешку туманидаги «Талисобун» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Фазилат Халлоқова ҳаётнинг анча-мунча қийинчиликлари ортидан саломатлигини йўқотди. Иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган бу аёлнинг суянчиғи — бир қизи бор. Бор умиди ундан.
Эшик «тиқ» этса, яхши кунлар умиди билан яшаётган Фазилатнинг юраги ҳаприқиб кетади. Уйга турмуш ўртоғи кириб келаётгандек туюлади. Аммо ҳаёт бешафқат.Умидларнинг ҳаммаси ҳам ушалавермайди. Турмуш ўртоғи бундан 14 йилча муқаддам ишлагани хорижга кетганди. Шундан буён ундан дом-дарак йўқ.
Яқинда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Бухоро вилоят бўлими ҳузурида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармаси фаоллари Фазилат Халлоқованинг хонадонига совға-саломлар билан ташриф буюриб, муштипар аёлнинг ҳолидан хабар олишди.
— Гап совғада эмас, албатта, — дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими масъул ходими Фарҳод Дурбаев. — Баъзан бир оғиз ширин сўз, озгина эътибор ҳам ўксик кўнгилга малҳам бўлади Биласизми, орамизда чинакамига ёрдамга, кўмакка муҳтож, аммо бировга оғирлиги тушишини истамайдиган кишилар кўп учрайди.Биз ана шундай инсонлар ташвишини енгил қилишга, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончларини мустаҳкамлашга интиламиз.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимояси ва улар учун имкониятлар тенглигини таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида «Маҳалла» ижроси доирасида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Бухоро вилоят бўлими ҳамда туман ва шаҳар бўлинмалари ҳузурида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисоб рақамига жорий йилнинг дастлабки чорагида 2 миллиард 813 миллион сўмдан зиёд хайрия маблағлари келиб тушди. Бу маблағлар эҳтиёжманд оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш учун мақсадли ҳамда манзилли сарфланмоқда. Жумладан, халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши қарорига биноан 6 минг 517 та оилага 2 миллиард 795 миллион сўмлик ёрдамлар кўрсатилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иродани қандай мустаҳкамлаш мумкин?
- “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ёш етакчилар конференцияси: Барқарор сув ҳаракати парадигмасини ўзгартириш” мавзусида Тошкент шаҳрида ўтказилади
- ТДСИ Туркиянинг нуфузли университети билан ҳамкорликни йўлга қўйди
- Энг кўп баҳсларга сабаб бўлган «Олтин тўп» Родрига насиб қилди
- Ўзбекистон қонунчилигида 1 ноябрдан нималар ўзгаради?
- Фарғонада фуқаро сув таъминоти ходимини уриб жағини синдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг