Бухорода «Насриддин Афанди» фестивали

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Насриддин Афанди дейилган заҳоти юзимизга табассум югуради. Кайфият кўтарилади. У билан боғлиқ латифаларни сўзлаб, тинглаб яйраб куламиз. Беғараз кулги саломатлик учун кони фойда. 1 апрель – ҳазил–мутойиба куни муносабати билан Бухоро шаҳрининг сўлим Лабиҳовуз бўйида ташкил этилган «Насриддин Афанди» фестивалидан кўзланган асосий мақсад ҳам меҳмону мезбонларга хуш кайфият улашиш, қадрият даражасига кўтарилган анъаналаримизни асраб-авайлаш, уларни келгуси авлодга етказишдан иборат.
Бугун Хўжа Насриддин Афандига ўрнатилган ҳайкал атрофи ҳар қачонгидан гавжум. Эгнида ўзбекона яктак ва чопон, белида белбоғу салла билан эшак минган ҳолда тасвирланган Афанди айниқса, хорижий сайёҳларнинг катта қизиқишига сабаб бўлиб келяпти. Ҳайкалнинг ўрнатилганига 45 йилдан ошди. Муаллифи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Яков Шапиро саналади.
— Бухоронинг кўҳна кўчаларида кўплаб чеҳраси очиқ, хушмуомала, хушчақчақ, самимий инсонларни учратдик, — дейди асли покистонлик, айни дамда Абу-Даби шаҳрида истиқомат қилаётган сайёҳ Файсел Ҳусейн. — Ўзим Англияда таҳсил олганман. Кимё–биология фани ўқитувчисиман. Тошкент, Бухоро шаҳарлари менда катта таассурот қолдирди. Бугунги фестивалга келсак, у халқингизнинг кулгисеварлиги, донишмандлиги, бағрикенглигидан дарак бериб турибди. Миллий либослардаги хотин-қизлар, ёшлар, қизиқчилар ижросидаги кўнгилочар тадбирлар юртингизда шарқона урф-одат, анъаналар кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинаётганидан нишонадир.
Дарҳақиқат, Нодир Девонбеги мадрасаси олдидаги саҳнада фольклор дасталари, қизиқчилару аскиячилар ўз чиқишлари билан томошабинларни хушнуд этишди. Насриддин Афандининг ичакузди латифалари дилларга завқу шавқ улашди.
— Наманганнинг Чодак қишлоғидан бир гуруҳ синфдошларимиз билан Бухорони томоша қилгани келдик, — дейди ўзини Дониёр Худойназаров дея таништирган меҳмон. — Омадимиз бор экан, сафаримиз «Насриддин Афанди» фестивали кунига тўғри келди. Хурсандмиз. Таассуротларимиз бир олам.
Айтмоқчи, Марокашнинг Работ шаҳрида бўлиб ўтган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси сессиясида Хўжа Насриддин Афанди ҳақидаги латифаларни сўзлаб бериш анъанаси ЮНEСКОнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган. У шу тариқа расман инсоният маданий меросининг ажралмас бир қисмига айланди.
Шундай экан, келинг, 1 апрель – ҳазил–мутойиба кунида битилган шу мўъжаз мақоламизни ҳозиржавоб Насриддин Афандининг ўткир қочиримли бир латифаси билан тугатайлик:
Насриддин Афанди бир катта амалдорнинг ҳашаматли уйи олдидан ўтиб бораётган эди, қараса ҳовлининг девори устига яна бир пахса уришаётган экан. Афанди тўхтаб, усталардан сўрабди:
— Қўрғоннинг ўзи шусиз ҳам баландку? Мана мен эшагим устида туриб ҳам ичкарини кўра олмаяпман. Нега яна баланд кўтаряпсизлар?
— Қўрғонга ўғри тушмасин, деб пахса уряпмиз, — жавоб берибди усталарнинг ишбошиси.
Бу жавобдан Афанди росманасига ажабланибди.
— Ташқаридан тушадиган ўғрини назарда тутсангиз, бу тўғри. Лекин ичкаридан чиқадиган ўғрига эллик пахса девор ҳам писанд эмас, — дермиш у.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг