Бухорода анъанавий «Ипак ва зираворлар» фестивали бошланди

14:02 28 Май 2021 Жамият
8919 0

Кўҳна Бухоро байрамона қиёфага кирди. Қадимий шаҳарда «Ипак ва зираворлар» анъанавий фестивали бошланди. Арк қалъасидан то сўлим Лабиҳовузгача бўлган ҳудуд ипак матоларга бурканди. Ҳавода зираворларнинг хушбўй ҳиди анқимоқда. Эртакнамо шаҳарнинг бағри узоқ- яқиндан келган сайёҳу ҳунармандлар билан тўлмоқда.

— Москва шаҳрида яшайман, — дейди ўзини Елена Водинская деб таништирган меҳмонлардан бири. — Бухорода бўлишни анча йилдан буён орзу қилардим. Ниятимга етдим. Фестивални айтмайсизми? Шарқона либослар, миллий анъаналар, сайллар менда унутилмас таассурот қолдиряпти.

Таъкидлаганимиздек, фестивалга турли гўшалардан кўплаб ҳунармандлар ташриф буюришган. Улар учун бу тадбир ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ҳам ўтаяпти. Чунки ана шундай анжуманларда касб маҳорати кўзга яққол ташланади, бозордаги талаб ўрганилади, зарур сабоқлар чиқарилади.

— Ушбу фестивалга тўртинчи бор келишим, — дейди марғилонлик ҳунарманд Шоҳиста Аҳмедова. — Бу тадбир биз учун ҳар томонлама фойдали. Аввало, харидор кўп. Қолаверса, фестиваль талаб ва эҳтиёжни аниқлаб олишимизда қўл келади. Ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашамиз. Етти йилдирки, адрас тўқиш билан шуғулланамиз. Цехимизда 20 нафар киши меҳнат қилмоқда. Адрасларимизнинг 80 хили бор. Уларнинг энг сараларини мазкур фестивалга олиб келдик.

Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги бир қатор манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказаётган фестиваль дастуридан кўплаб тадбирлар ўрин олган. Ҳунармандчиликнинг ўндан зиёд тури бўйича ташкил этиладиган маҳорат сабоқлари, фольклор дасталарининг чиқишлари, ош сайли, миллий ўйинлар, ипак матолардан тайёрланган либослар намойиши шулар жумласидан.

Кўҳна шаҳарда ўн тўққизинчи бор ўтказилаётган «Ипак ва зираворлар» фестивалининг асосий тадбирлари 29 ва 30 май кунларига мўлжалланган. Анжуманнинг ўзига хос брендига айланган «Мўъжизалар карвони» тантанали юриши эртага қадимий Арк қўрғонидан бошланади.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?