“Бухоро” жамоаси ўз футбол майдонида ўйин ўтказади

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Мабодо, дунё бўйича ўз майдонида узоқ вақт давомида ўйин ўтказмаган футбол жамоалари рўйхати тузилса “Бухоро” унинг олд қаторидан ўрин олиши тайин эди.
Гап шундаки, жамоа икки мавсумдан зиёд вақт мобайнида ўз ўйинларини ўзга майдонда, аниқроғи, қўшни Қашқадарё вилояти Муборак шаҳрининг “Баҳром Вафоев” стадионида ўтказди. Бунга собиқ “Бухоро” спорт мажмуасидаги майдон ҳолатининг ёмонлиги сабаб бўлди. Мажмуада дренаж, суғориш тизими, майса парвариши билан боғлиқ кенг қамровли ишлар амалга оширилгач, катта футбол Бухорога қайтгандек бўлди. “Боқий Бухоро” туризм этнопарки лойиҳаси сабаб стадион “снос”га тушди. Оқибатда жамоа уй учрашувларини Тошкентда ўтказишга мажбур бўлди.
Жамоа мухлисларини хурсанд қилгани шуки, “Бухоро” жорий мавсумда про-лига рисоладагидек қатнашди. Суперлига йўлланмасини муддатидан аввал қўлга киритди. Яна бир қувончли хабар-жамоа эндиликда уй учрашувларини Бухорода ўтказиш имконига эга бўлди.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Бухоро футбол ассоциациясига қарашли футбол академияси майдонида катта ҳажмдаги қурилиш- бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Натижада қисқа муддат оралиғида 10 минг томошабинга мўлжалланган стадион юзага келди. Айни дамда аренани Ўзбекистон профессионал футбол лигаси талаблари даражасида жиҳозлаш, футболчилар, ҳакамлар учун зарур қулайликлар яратиш каби юмушлар ниҳоясига етказилмоқда. Маълумотларга қараганда, “Бухоро”нинг про-лига доирасида “Арал” жамоасига қарши 22 ноябрь куни ўтказадиган ўйинига худди шу стадион мезбонлик қилади.
Келаси мавсумдан бухороликларнинг суюмли жамоаси суперлигада вилоят шарафини ҳимоя қилади. Кучлилар даврасида “Бухоро”га осон бўлмайди. Унинг про-лигадаги айрим учрашувларни бўш ўтказгани мухлисларда ана шундай хавотир уйғотмоқда. Яқин ўтмишнинг таниқли футболчиларидан бири саналган Улуғбек Бақоев бошчилигидаги мураббийлар штаби ҳам гап нима ҳақида бораётганини яхши тушунса керак. Нима бўлганида ҳам ишқибозлар футболимизда лигада жон сақлаш учун қайғурадиган командани эмас, мазмунли ўйин намойиш этишга қодир рақобатбардош жамоани кўриш умидида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг