Бухоро вилояти тартибли миграция бўйича илк бор пешқадамга айланди

12:51 26 Февраль 2025 Жамият
146 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро шаҳрида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг вилоят филиали ташаббуси билан Халқаро меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Унда хусусий бандлик агентликлари, нодавлат таълим муассасалари, бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

— Тадбирдан кўзланган асосий мақсад вилоятимизда хусусий бандлик агентликларининг филиалларини очиш, мавжуд бўш иш ўринларини кенг тарғиб қилиш, кам даромадли ва ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, қолаверса, халқаро меҳнат бозори талабларини ўрганган ҳолда уларни хорижий тил ҳамда турли касбларга ўқитиб, хавфсиз ва тартибли миграцияга йўналтиришдан иборат, — дейди Миграция агентлиги Бухоро вилоят филиали раҳбари Нозима Холиқова. — Ярмаркада хорижга ишлагани кетиш истагини билдирган 400 нафарга яқин фуқаро қатнашди. Улар ўзлари хоҳлаган иш бўйича зарур маълумотларга эга бўлди. Шунингдек, у ёки бу давлатда меҳнат қилиш ниятини билдирганлар хусусий бандлик агентликлари орқали рўйхатга олинди.

Айтиш жоизки, чет элга ишлагани бормоқчи бўлганларни тартибли тарзда жўнатиш долзарб масала саналади. Афсуски, айрим юртдошларимиз хорижий давлатларнинг меҳнат қонунчилиги ҳақида керакли маълумотларга ёки касб-ҳунарга эга бўлмай, тил ўрганмай туриб хорижга йўл олишади. Таваккалчилик ортида эса истаймизми-йўқми хавфу хатар ётади. Хорижда сарсон-саргардон бўлиб, оиласидагиларни ҳам хавотиру ташвишга қўйган фуқаролар йўқ дейсизми? Ярмарка шу нуқтаи назардан ҳам фойдали бўлди. Қолаверса, тадбирда хусусий бандлик агентликлари ҳамда нодавлат таълим муассасалари билан келишув меморандуми имзоланди.

Дарвоқе, Миграция агентлигининг вилоят филиали томонидан амалга оширилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бера бошлади. Чунончи, тартибли миграцияга юбориш борасида Бухоро вилояти январь ойи натижаларига кўра, илк бор пешқадамга айланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?