Бухоро вилоят мусиқали драма театрида «Хамса»га бағишланган саҳна асари намойиш этилди
Алишер Навоий ижодини мавж уриб турган беқиёс бир денгизга қиёслаш мумкин. Унинг тубида инсониятга маънавий озуқа бўладиган дур ва гавҳарлар яширин. Ана шу улуғ манбага таянган ҳолда Бухоро вилояти мусиқали драма театри жамоаси Янги йил арафасида «Хамса»нинг туғилиши номли драматик композицияни томошабинлар эътиборига ҳавола этди.
— Шоир Камолиддин Шукур томонидан Алишер Навоийнинг «Хамса»си асосида инсценировка қилинган ва театрнинг бош режиссёри Лазиз Наврўзов томонидан саҳналаштирилган ушбу асарда юртпарварлик, инсонийлик, эзгулик, меҳр-оқибат ва шукроналик ғоялари тараннум этилади, — дейди театрнинг адабий бўлими мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Моҳигул Назарова. — Асарда буюк мутафаккир ижодининг маънавий мағзи томошабинга бамисоли гулдаста каби тақдим этилган. Назм ва навонинг уйғунлиги эса саҳна асарининг таъсирчанлиги ва тарбиявий аҳамиятини янада оширган.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги бадиий кенгаш аъзолари иштирокида мазкур саҳна асарининг тақдимоти ўтказилиб, унда спектаклнинг ғоявий-бадиий ечими, саҳнавий талқини ҳамда тарбиявий қиммати юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Айтиш жоизки, театр жамоаси учун 2025 йил ижодий сермаҳсуллик билан ёдда қолмоқда. Байрам арафасида томошабинларда катта қизиқиш уйғотиши кутилаётган яна бир саҳна асари — драматург Эркин Хушвақтов қаламига мансуб «Қирмизи олма» спектаклининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг