Британия танклари Курскда, Доҳада музокаралар ва Маҳмуд Аббос Туркияда (+видео)
Доҳада нима гап?
Доҳадаги музокаралар Ғазода қурбон бўлган фаластинликлар сони 40 мингдан ошгани сабабли минтақавий вазият кучайишидан қўрқувлар фонида ўтмоқда. Оқ уй матбуот котиби Жон Кирби пайшанба куни Доҳада Исроил, АҚШ, Қатар ва Миср расмийлари иштирокида музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган эди.
АҚШ ва минтақавий расмийларнинг билдиришича, Ғазо бўйича янги бошланган ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бугун ҳам давом этиши кутилмоқда.
Музокаралар мазмуни ҳақида жамоатчиликда маълумот кам бўлсада жараён май ойи охирида АҚШ етакчиси Жо Байден тақдим этган сулҳ битимини якунлаш учун мўлжалланган.
АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган келишув урушни тугатиш бўйича кўп босқичли саъй-ҳаракатларни ўз ичига олади, урушда олти ҳафталик танаффусдан бошлаб, Ғазода сақланаётган баъзи исроиллик асирларни ва Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларни озод қилиш имконини беради.
Иккинчи босқичда жанглар бутунлай тугатилади ва қолган барча исроиллик асирлар озод қилинади. Келишувнинг якуний қисми Исроил ҳужуми натижасида вайрон бўлган Ғазо секторини қайта тиклашдан иборат.
Фаластин гуруҳлари келишув Исроил тажовузига кенг қамровли чек қўйиш, ишғолни тўлиқ олиб чиқиб кетиш, қамални бузиш ҳамда ўтиш жойини очиш, реконструкция қилиш, жиддий маҳбуслар алмашинувига эришишни ўз ичига олиши кераклигини айтди.
ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Ҳусам Бадраннинг айтишича, ҲАМАС Доҳадаги музокараларга Ғазога қарши урушни тугатиш бўйича стратегик истиқбол нуқтайи назаридан қарамоқда. У гуруҳнинг музокараларда иштирок этишини тасдиқламади.
Фаластин гуруҳи одатда Исроил расмийлари билан юзма-юз музокаралар олиб бормайди, лекин аввалроқ воситачилар орқали билвосита музокаралар олиб борган.
АҚШ расмийларининг таъкидлашича, Доҳада давом этаётган музокаралар аввалги музокаралар форматига мос келади, унда Қатар ва Миср воситачилари Қатардаги Ҳамас расмийларига хабарлар етказади ва улар ўз навбатида Ғазодаги гуруҳ раҳбарияти, яъни Яҳё Синвар билан мулоқот қилади.
Украина Суджани тўлиқ назоратига олганини айтмоқда
Украина Россия ҳудудига дадил бостириб киришда давом этар экан, Москва чегара минтақасидан кўпроқ аҳолини эвакуация қилмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат кучлари Россия ҳудудига бостириб кириши натижасида Курск вилоятидаги Россиянинг стратегик аҳамиятга эга Суджа шаҳрини тўлиқ назоратга олганини айтди. Шунингдек, у 5 мингга яқин аҳолиси бўлган шаҳарда ҳарбий қўмондонлик идораси ташкил этилаётганини ҳам маълум қилди. Суджада Украина қувурлари орқали Европага оқиб ўтадиган Россия табиий газини ўлчаш станцияси мавжуд.
Чоршанба куни Россия расмийлари Украина шаҳарни эгаллаб олганини инкор этган эди. «Ҳозир Суджада Россия Мудофаа вазирлигининг бўлинмалари ҳам бор, чунки душман шаҳар атрофи ва унинг маълум қисмларида мавжуд. Ҳар куни жанглар бўлиб ўтмоқда. Душман Суджани тўлиқ назорат қилишини даъво қила олмайди», дея генерал майор сўзларидан иқтибос келтирмоқда ТАСС ахборот агентлиги.
Курск губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов Украинанинг ҳужуми иккинчи ҳафтага киргани сабабли Суджадан 45 км шимоли-ғарбда жойлашган Глушково вилоятини эвакуация қилишни буюрди. Эвакуация буйруғи Украина қўшинлари аста-секин ҳудудга яқинлашаётганини кўрсатмоқда. Расмийларнинг айтишича, Курск вилоятининг 120 мингдан ортиқ аҳолиси аллақачон кўчирилган.
Россия, шунингдек, Белгород вилоятида федерал даражадаги фавқулодда ҳолат эълон қилди. У ердаги оғирлашаётган вазият минтақанинг ёрдам етказиб бериш қобилиятига тўсқинлик қилмоқда.
АҚШ Оқ уй матбуот котиби Жон Кирби пайшанба куни журналистларга Украинанинг мақсадлари ҳақида гапира олмаслигини айтди. Бироқ у Владимир Путин Украинанинг Курск вилоятидаги ҳужумидан хавотирда эканлигини қўшимча қилди.
Буюк Британия совға қилган танклар Киевнинг Россияга бостириб киришида ишлатилган
Буюк Британиядан совға қилинган Чалленгер 2 танклари Украина томонидан Россияга кутилмаган бостириб кириши доирасида фойдаланилган. Бу ҳақда Британиядаги манба тасдиқлади. Мудофаа вазирлиги бу ҳақда аниқ маълумот бермаган бўлсада Украина Россиянинг ноқонуний ҳужумларида ўзини ҳимоя қилиш учун Британия етказиб берган қуроллардан фойдаланиши ҳақида эслатиб қўйган эди.
«Биз ускунадан халқаро қонунларга мувофиқ фойдаланиш кераклигини аниқ айтганмиз», деган вазирлик. Бу Украинанинг ҳужуми пайтида танкка қарши ракеталар, артиллерия, зирҳли транспорт воситалари ва Буюк Британия совға қилган бошқа қуроллардан фойдаланиш мумкинлигини англатади.
Бироқ, Буюк Британиянинг «Storm Shadow» ракеталари учун истисно мавжуд. Улар Россия ичидаги нишонларга отилмаслиги тушунтирилган ҳолда тақдим этилган. Ғарбнинг ҳеч бир давлати Киевга узоқ масофали ракеталаридан Россия ичидаги нишонларга зарба бериш учун ҳуқуқ бермаган. Зеленский эса бу чекловларни олиб ташлаш учун бир қанча чақириқлар эълон қилган.
Буюк Британия Украинани Ғарбда ишлаб чиқарилган асосий жанговар танклар билан таъминлаган биринчи давлатлардан биридир. 2023 йилда у Украинага ёзги ҳужумда ёрдам бериш учун 14 та Чалленгер 2 танкини тақдим этди.
Шунингдек, Украинанинг Россияга сўнгги ҳужумларида АҚШ, Германия қуроллари ишлатилганлиги айтилмоқда. Мамлакатлар ушбу қуролларга чеклов қўймаган.
Ғарб ҳарбий экспертлари Украина ҳужумининг муваффақиятини қўшинларни зирҳли техника, артиллерия ва танклар билан бир қаторда электрон уруш ҳамда дронлардан фойдаланганликда деб билади. Бу ўтган йилги Украинанинг мамлакат жануби ва шарқида амалга оширган ҳужумида етишмаётган жиҳат эди.
Буюк Британия Украинага АҚШ ва Германиядан кейин энг йирик ҳарбий ёрдам донорларидан бири ҳисобланади.
Маҳмуд Аббос Туркияда нутқ сўзлади
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Фаластин маъмуриятининг барча аъзолари билан бирга Ғазо секторига бориш ниятида эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда у Туркия Парламентида қилган нутқида айтиб ўтди.
«Бизда бошқа ечим қолмади. Шу муносабат билан ўзим ва Фаластин маъмуриятининг барча аъзолари Ғазога боришга қарор қилдик ва биз буни амалга оширамиз», деган у.
Маҳмуд Аббос Туркиянинг Фаластин халқи қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги позициясини юксак баҳолаган. Унинг таъкидлашича, Фаластин халқи ўз ерларини озод қилиш учун курашдан воз кечмайди.
«Фаластинликлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этади ва ўз ерини ташлаб кетмайди. Фаластин халқи босқинчиларни ўз еридан албатта қувиб чиқаради. Халқимиз нафақат Фаластинни ҳимоя қилади, балки бутун минтақада ҳукмронлик қилмоқчи бўлган ционистик ҳаракатдан Ислом умматини ҳимоя қилишда олдинги сафда туради. Қандай қилиб халқаро ҳамжамият Исроил томонидан қочқинлар лагерларида, жумладан, Ғазо секторидаги мактабда юздан ортиқ одамлар ўлдирилган, ҳар куни амалга оширилаётган қирғинларга сукут сақлайди? Халқимиз қандай қилиб бўлса ҳам, босқинчиларни ҳайдаб чиқаради. Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддус мустақил Фаластин давлатини ташкил этувчи географик бирликнинг номидир. Тинчлик ва хавфсизлик сари йўл Фаластиндан бошланиб, Фаластин билан тугайди», деган Фаластин раҳбари.
Шунингдек, у Фаластиндаги барча сиёсий кучларни бирлаштириш зарурлигини таъкидлаган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг