Бўрига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган фуқаро 8 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилди (+видео)
Ижтимоий тармоқларда шахси номаълум фуқаролар томонидан бўрини ушлаб, унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинаётгани акс этган видеотасмалар кенг тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси маълумот берди.
Унда айтилишича, мазкур видеотасвирлар жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлгани инобатга олиниб, бош бошқарманинг масъул давлат инспекторлари томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилган.
Аниқланишича, ҳолат 2025 йил 10 декабрь куни Узун тумани «Бешкапа» маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Фуқаро М.И. ўзига тегишли бўлган майда шохли қора молларини адирлик ҳудудда ўтлатиб юрган вақтида бўри ҳужумига учраган. Фуқаро чорва молларининг бир қисмини ҳимоя қилиш ва асраб қолиш мақсадида бўрини таъқиб қилганини ва ушбу ҳолат оқибатида бўри нобуд бўлганини ёзма тушунтириш хатида баён қилган.
Ҳолат юзасидан тузилган далолатнома асосида, фуқаронинг ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунининг 33-моддаси талаблари бузилгани аниқланган бўлиб, мазкур қонуннинг 53-моддасига мувофиқ жавобгарлик чоралари белгиланган.
Фуқаро М.И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддаси 1-қисми асосида БҲМнинг 20 баробари – 8 миллион 240 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.
«Бўри Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни билан муҳофаза қилинадиган ёввойи ҳайвон турларидан бири ҳисобланади. Унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, қийноққа солиш ёки ноқонуний ҳаракатларни амалга ошириш амалдаги қонунчиликка зид бўлиб, белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади», — дейилади бошқарма хабарида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг