Бойсунда техноген ҳодиса нега яна такрорланди?

Фарҳод ЭСОНОВ/“Халқ сўзи”. Бойсун тумани ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) конида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Абдулла Қўлдошев иштирокида 17 сентябрь куни конда яна водород сульфид гази сизиб чиқиши оқибатида содир бўлган техноген ҳодиса юзасидан брифинг бўлиб ўтди.
Хабарингиз бор, 1 сентябрь куни соат 15:17 да “М-25” конидаги 604-сонли қудуқда бурғилаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида водород сульфид гази чиқиши кузатилганди. Ушбу техноген ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича республика даражасидаги вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат тезкор штаб тузилиб, унинг назорати остида ҳодиса оқибатларини режали бартараф этиш ишлари амалга оширилди. Натижада 15 сентябрь куни қудуқ герметикланган ҳамда табиий газнинг сизиб чиқиши ҳолати тўлиқ сўндирилганди.
Бироқ 17 сентябрь куни соат 16:00 ларда конга қарашли 604-сон қудуғининг ён тарафидан юқори босимли водород сульфид гази сизиб чиқиши натижасида техноген ҳолат қайд этилди. Бу галги ҳодиса фожиали бўлди — 4 нафар пудратчи ташкилот ишчиси вафот этган бўлса, 11 нафари турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага юборилган.
Бугун Бойсундаги кон воқеаси ОАВ, интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқларнинг бош мавзусига айланди. Воқеа турлича талқин этилиб, унинг моҳияти ёпиқлигича қолмоқда. Барчани қизиқтирадиган саволлар — бу аслида қандай кон? Техноген ҳолат қандай юзага келди? Нега ҳодиса яна такрорланди? Техноген ҳодиса яна такрорланиши мумкинми? Хавотирлар қанчалик ўринли?
Брифингда мана шу масалалар очиқланди. Мутасаддилар оммавий ахборот воситалари вакилларига батафсил маълумотлар берди.
Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов ушбу техноген ҳодиса коннинг географик жойлашуви ва ўзига хос хусусиятлари билан бевосита боғлиқлигини айтди:
— “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони маъмурий жиҳатдан мамлакатимизнинг жанубий ҳудудида жойлашган бўлиб, Бойсун тумани марказидан 20 километр жануби-шарқда. Географик жиҳатдан ҳудуд тоғолди-адир рельефи. Рельефнинг мутлақ баландлиги денгиз сатҳидан 1000 метрни ташкил этади.
“М-25” (“Гажак”) кони биринчи марта 1933 йилда геологик тадқиқот йўли билан аниқланган ва 1938 йилда тайёрланган. 1941 йилда бу ерда биринчи қидирув қудуғи бурғиланган. 1974 йилда 5-сонли қудуқни синовдан ўтказишда қуйи бўр қатламларидан газнинг саноат оқимлари олинган. Худди шу йили тузилма кон тоифасига киритилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кон захираси 40 млрд. м3ни ташкил этган. 2006–2008 йилларда Малайзиянинг “PETRONAS” компанияси томонидан “Ўзбекнефтгаз” МХК билан имзоланган қўшма ўрганиш тўғрисидаги битим доирасида Гажак майдонида 3D сейсмик қидирув ишлари олиб борилди ва битта қудуқ синовдан ўтказилди. Компаниянинг лойиҳага киритган тўғридан-тўғри инвестициялари умумий миқдори 102 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Компаниянинг инвестиция сиёсатидаги ўзгаришлар ва энг асосийси, “Гажак” конини ўзлаштиришнинг мураккаблиги туфайли компания лойиҳадан чиқди.
2017 йилдан “Surhan Gas Chemical Operating Company” компанияси оператор сифатида “М25” (“Гажак”) конида ва “Ўзбекистон мустақиллиги” инвестиция блокида маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида нефть-газ операцияларини амалга оширишни бошлади.
Геология қидирув ишлари доирасида 160 квадрат километр ҳудудда 3D, 492 погон километр ҳудудда эса 2D услубида сейсмик тадқиқот ишлари амалга оширилди. Жами 23 та қудуқда бурғилаш, 10 та қудуқда синов ишлари якунланган.
Ҳозирги вақтда 4 минг 270 нафардан ортиқ қурувчи ва 517 та қурилиш техникаси жалб қилинган.
Ушбу кон тоғолди ҳудудда жойлашгани учун геологик тузилишига кўра ўта мураккаб, — сўзини давом эттирди вазир. — Мураккаб геологик тузилиш кўп сонли структуравий бузилишларнинг мавжудлиги, фильтрация-сиғим хусусиятларининг катта хилма-хиллиги билан боғлиқ. Бу ерда самарали қазиб олиш учун бутасимон бурғилаш усулидан фойдаланиш талаб этилади. Қия йўналишдаги қудуқларни қуриш 1200 м гача.
Конда 108 млрд. м3 S1 газ захираси аниқланган бўлса, 60 млрд. м3 S2 газ захираси бор. Табиий газ таркиби ва қатламнинг тавсифи ҳам бошқа конлардан тубдан фарқ қилади. Газ таркибида олтингугурт (H2S) миқдори 7, карбонат ангидрид гази (СО2) 12 фоизгача мавжуд. Кондаги аномал юқори қатлам босими 65 МП, яъни ер тагидаги босим ўта кучли — 650 атмосферани ташкил этади. Кесими бўйича юқори ҳарорат 150°С гача етади.
Масалан, Муборак ҳудудидаги конларда олтингугурт миқдори — 3,8, карбонат ангидрид гази миқдори 4,61% гача. Шўртан ҳудудидаги конларда олтингугурт миқдори 0,07 фоизни ташкил этса, карбонат ангидрид гази миқдори 2,9 фоиз. Газли ҳудудидаги конлардаги газ таркибида 0,72 фоиз олтингугурт мавжуд бўлса, 3,1 фоиз миқдорда карбонат ангидрид гази бор. Устюрт ҳудудидаги конларда олтингугурт умуман йўқ. Фақат 1,31 фоиз карбонат ангидрид гази мавжуд.
Табиий газ таркибида водород сульфид, яъни олтингугурт ҳамда карбонат ангидрид миқдори кўп бўлса, ҳимояланмаган ҳар қандай металлни емиришга қодир. Шу боис ушбу шароитларда юқори босим, ҳарорат, водород сульфидга чидамлиликни таъминлайдиган ускуналар, материаллар, кимёвий реагентлар, технологияларга алоҳида талабларни қўяди. Юқори босим остида агрессив юқори ҳароратли кислотали муҳитда ишлай оладиган коррозияга чидамли CRA (никель-хром-молибден) қотишмасидан тайёрланган қимматбаҳо эксплуатация ускуналари ва материалларини моддий жиҳатдан бажариш зарурлигини белгилайди. Буни ўз навбатида лойиҳанинг халқаро техник маслаҳатчилари — Halliburton, Schlumberger, Baker Hughes, Weatherford ва бошқалар ҳам тасдиқладилар.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 15 сентябрь куни қудуқ герметикланиб, бетон-қоришмалари билан табиий газнинг сизиб чиқиши тўхтатилган бўлса-да, босим кучлилигидан ёнидан яна газ чиққан. Айни пайтда техноген ҳолат қайта такрорланмасликнинг қатъий чоралари кўрилмоқда. Қудуқларни синаш жараёнида насос-компрессор қувурларида (НКҚ) олтингугуртнинг чўкиши кузатилиши ҳисобга олиниб, уларни бартараф этиш учун олтингугурт тиқинларини эритишга қодир бўлган кимёвий реагентлар ҳайдалди. НҚҚда олтингугурт тиқинларини бартараф этиш учун кимёвий реагентларни танлаш бўйича жаҳон тажрибаси ўрганилди ва дастлаб “МИРРИКО” (РФ) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Atren B-solv эритмаси танланди.
Комбинацияланган усул билан (механик ёки кимёвий) олтингугурт чўкиндиларини олиб ташлаш учун қудуқларни бир йилда 30 кунга қўшимча мажбурий тўхтатилади. Қудуқда бошқа операцияларни ҳисобга олган ҳолда тўхташларнинг умумий вақти йилига 55 кунни ташкил этиши мумкин.
Брифингда Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор А.Қўлдошев хавотирга ўрин йўқлигини таъкидлади:
— Шу йилнинг 1 сентябрида содир бўлган техноген ҳодиса кунидан бошлаб республика ишчи гуруҳи томонидан барча эҳтиёт чоралари кўрилди. Ҳар бир маҳалла кўчаларида ФВВ, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги таркибидаги ходимлар бириктирилган. ФВВнинг 17 та махсус техникаси, яна 200 та техника шай ҳолатда. Ҳар бир кўча бошида ҳаводаги зарарли моддаларни аниқлайдиган махсус ускуналар ўрнатилган бўлиб, улар ҳар дақиқада назорат остига олинган. Айни пайтда атмосферада инсон саломатлигига зарар берадиган моддалар мавжуд эмас. Шунингдек, ҳозирда бу ерда тегишли ташкилотлар мутахассислари томонидан барча зарурий ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, брифингда вазият жиловланган бўлса-да, аҳолини эвакуация қилишга тўғри келадиган вазиятга эҳтиёж туғилса, 3 минг нафардан ортиқ аҳоли учун махсус жойлар тайёрлангани маълум қилинди.
Техноген ҳодисада вафот этган 4 нафар ишчи (улар “Кофрун” маҳалласидан) оила аъзолари пудратчи ташкилот оталиғига олингани, турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага юборилганларнинг 10 нафарига уйига жавоб берилгани, 1 нафари касалхонада қолаётгани айтилди.
Дарвоқе, брифинг олдидан журналистлар кон билан яқиндан танишди. Ҳақиқатдан вазият жиловланган, одамлар ўз хонадонида кундалик ишлари билан машғул. Таълим-тарбия муассасалари барқарор ишлаяпти. Аҳолининг чорва моллари одатдагидай ён-атрофда ўтлаб юрганини кўриш мумкин. Демак, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги турли талқиндаги ахборотларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқатга мос эмас.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Мирзо Бобур – буюк империя асосчиси
- Навоий вилоятида 2025 йил «Алишер Навоий йили» деб номланади
- Миллий гвардияга янги ваколат берилди
- Президент «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» IV халқаро симпозиуми иштирокчиларига табрик йўллади
- «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилига мўлжалланган давлат дастури қабул қилинди
- Ёшлар буюк келажагимизнинг асосий бўғини эканлигини тушунмаган раҳбар бизнинг сафимизда бўлишга ҳаққи йўқ – Президент
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг