Боғишамоллик бадавлат одамлар
Шаҳноза Бердиева ёшлигидан тикувчиликка ихлос қўйган. Бу ҳавас дастлаб уйида мижозларга буюртма асосида турли либослар тикиб беришга ундаган бўлса, кейинчалик ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтиб, ёнига икки-учта шогирдларини ҳам чорлади.
Имтиёзли кредит эвазига тикув машиналарини харид қилди. Туман марказидан бўш турган бинолардан бирини ижарага олиб, фаолиятини кенгайтирди. Қарабсизки, иши жонланиб кетди. Бугунги кунда у раҳбарлик қилаётган тикувчилик цехида ўзи билан бирга яна етти нафар чевар ишламоқда. Буюртмалар кўплигидан уларнинг қўли-қўлига тегмайди.
—Асосан аёллар ва келинлар либосини тикамиз, — дейди Чироқчи туманидаги Боғишамол маҳалласида фаолият олиб бораётган Шаҳноза Бердиева. – Ҳар бир тикувчи бажарган ишига қараб ойига тўрт-беш миллион сўмдан маош олмоқда.

Шу маҳаллалик Саодат Қўйлиевага қуроқчиликда тенг келадигани йўқ. Унинг қўлида сайқал топган бежирим ва нафис буюмларга талаб ортиб бормоқда.
—Бу ҳунар менга момоларимдан ўтган, — дейди у. — Икки йил аввал маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида имтиёзли кредит олиб, зарур анжомларни харид қилдим. Ёнимга яна икки нафар чевар аёлни чорлаб, ўндан ошиқ турдаги қуроқчилик буюмларини тайёрлашни бошлаб юбордик.
Саодат Қўйлиеванинг айни вақтда шогирдлари сони 16 тага етди. Бу эса тадбиркорни яна қўшимча тикув машиналари харид қилиб, фаолиятини кенгайтиришни тақозо этмоқда.

—Маҳалламиз туман марказида, гавжум ҳудудда жойлашган, — дейди “Боғишамол” МФЙ раиси Озода Жумаева. — Шу боис ҳам аҳолининг кўпчилиги савдо ва хизмат кўрсатиш турлари билан боғлиқ тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишган. Аёлларимиз бу борада жуда фаол. Улар тикувчилик, каштадўзлик, қуроқчилик каби ҳунарларни элга ёйиб, одамлар дуосини олишмоқда. Шу билан бирга қандолатчилик, новвойликда ҳам улар беназир. Бир сўз билан айтганда, кичик тадбиркорлик маҳалламизнинг асосий драйверига айланган. Бу ерда ҳеч ким бекор ўтирмайди. Ҳаракат эса барака келтирмоқда.
—Олти сотих томорқамиз бор, — дейди Ҳасан Хуррамов. – Рўзғор учун зарур бўлган барча озиқ-овқат маҳсулотларини экамиз. Бундан ташқари, чорва боқамиз. Товуқ, қуён парваришлаймиз. Хуллас, мева-чева-ю, гўшт, тухум, қатиқ-сутгача ўзимиздан чиқади. Истеъмолдан ортганини бозорда сотамиз.

Маҳаллани айланар эканмиз, бунёдкорлик, замонавий уй-жойлару йирик тадбиркорлик объектлари қад ростлаб тургани диққатимизни тортди. Бу маҳалла аҳлининг тадбиркорлиги, ташаббускорлиги, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, яхши даромад топаётгани ва пировардида фаровон турмуш кечираётганидан дарак бериб турибди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг