Боғдорчилик-узумчилик ширкатларида аҳвол қандай?

18:03 20 Ноябрь 2020 Сиёсат
308 0

Олий Мажлис Сенатининг 2019 йилнинг август ойида бўлиб ўтган учинчи чақириқ йигирма биринчи ялпи мажлисида боғдорчилик-узумчилик ширкатларининг амалдаги фаолияти ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилган эди.

Бугун, 20 ноябрь куни бўлиб ўтаётган Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида ушбу парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, парламент сўровида боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини тўлиқ хатловдан ўтказиш, ер участкалари ва бино-иншоотларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ва самарасиз фойдаланилаётган ресурсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ захира ерлар тоифасига қайтариш ва бошқа муаммолар кўтарилган эди. Ушбу масалаларни ҳал қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланганлиги ялпи мажлисда алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини тартибга солиш механизмини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг июль–август ойларида regulation.gov.uz порталига умумхалқ муҳокамаси учун жойлаштирилган. Мазкур лойиҳада назарда тутилган вазифалар парламент сўровида кўтарилган масалаларни тизимли равишда ҳал қилишга қаратилган. Бироқ бугунги кунга қадар мазкур қарор лойиҳаси қабул қилинмаганлиги сенаторлар томонидан айтиб ўтилди.

«Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари» ўтган асрнинг 80 йилларига қадар шаҳарлар ҳудудида жойлашган, кўп қаватли уйларда истиқомат қилиб келган йирик саноат корхоналари, ташкилот ва муассасалар ишчи-ходимларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ажратилган ер майдонларида ташкил этилган.

Бироқ кейинги йилларда ушбу хўжаликлар бу функцияни деярли бажармай қўйдилар. Бугун дала ҳовлиларнинг аксарияти аввалгидек дам олиш кунлари бориб, экин экадиган жойлар эмас, балки йил давомида яшаб, рўзғор тебратадиган жойларга айланганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, кўпчилик дала ҳовлилардан, бу айниқса, Тошкент вилояти ва бошқа ҳудудлардаги тоғ ва тоғ олди ҳудудларда кузатилади, тижорат мақсадларида фойдаланилмоқда. Номини сўрасангиз, дала ҳовли, аслида эса меҳмонхона, чойхона, кафе ва бошқа шу каби маиший хизмат жойлари эканлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда боғдорчилик узумчилик ширкати аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқариш тартибига риоя қилинмаяпти. Ширкат бошқаруви билан боғлиқ корпоратив низолар кўпайган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳужжат лойиҳасида назарда тутилган боғдорчилик-узумчилик ширкатлари учун ажратилган ер участкаларида жойлашган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишга оид қоидалар қонун ҳужжатларига зид эканлиги борасида жиддий эътирозлар билдирилган. Қолаверса, лойиҳанинг айрим бандларини қайта кўриб чиқиш лозимлиги ҳамда мазкур ҳужжат лойиҳасини таклиф этилган таҳрирда қабул қилишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳам айтилган. Бу эса мазкур масала юзасидан жойига чиққан ҳолда пухта ва жиддий ўрганишларни амалга ошириш заруратини кўрсатмоқда.

Юқоридагиларга асосан боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини комплекс ўрганиш, юзага келаётган муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш ва соҳани тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 13 ноябрдаги 490–ф-сонли фармойиши қабул қилинган.

Мазкур фармойиш билан ширкатлар фаолиятини комплекс ўрганиш мақсадида республика ишчи гуруҳи, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ишчи гуруҳларининг намунавий таркиби тасдиқланган.

Шу жиҳатдан ялпи мажлисда боғдорчилик-узумчилик ширкатлари ҳудудида қурилган иморатларни турар-жой тоифасига ўтказишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини жорий этиш лозимлигига алоҳида урғу берилди. Бундай ширкатлар жойлашган ҳудудларда ижтимоий соҳа объектлари фаолиятини аҳолининг реал сонига мутаносиб равишда ривожлантириш, шунингдек жиноятчиликка қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтириш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини тизимли равишда йўлга қўйиш заруратига ҳам эътибор қаратилди.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?