Бобурнинг қадами теккан маскан

17:25 20 Декабрь 2024 Жамият
341 0

Ҳозирги Сирдарё ҳудуди қадимда ва ўрта асрларда Буюк ипак йўлининг муҳим қисмида жойлашган. Ўрта ер денгизидан чиқиб, Бухоро ва Самарқанд орқали Чин (Хитой) сари йўл олган савдо карвонлари шу ҳудуддан ўтган. Мирзачўл мамлакатимизнинг қадим ўлкалари – Сўғд (Самарқанд), Довон (Фарғона) ва Чоч (Тошкент)ни бир-бири билан боғлаб турган. Айни ана шундай муҳим савдо йўлларида жойлашганлиги, ҳудудида карвонларга хизмат кўрсатиш туфайли обод ва фаровон манзилгоҳлар бўлган. Ўрта Осиёнинг энг узун дарёси Сирдарёнинг Мирзачўлни кесиб ўтганлиги, жанубида Туркистон тоғ тизмаларидан сув олувчи кўплаб сойлар мавжудлиги ҳам қадим аждодларимизнинг ушбу ҳудудни макон тутишлари учун қулай шарт-шароитларни яратган.

Мирзачўлдаги энг қадимги аҳоли манзилгоҳлари ҳам суғориш учун қулай бўлган дарё ва сой бўйларида пайдо бўлган. Ўтроқ аҳоли Туркистон тоғ тизмаларидан сув олувчи Шўрбулоқсой бўйларида истиқомат қилган. Археологик тадқиқотлар вилоят ҳудудидаги илк шаҳар – Шўрбулоқсой бўйларидаги Эски Ховос бундан 2,5-3 минг йиллар олдин пайдо бўлганига гувоҳлик беради. Самарқанддан шарққа йўналган йўлнинг чорраҳасида жойлашган. Ундан бир тармоқ Ховосдан Куркат орқали Хўжанд ва Фарғонага, иккинчиси Чочга олиб борган. Чоч йўналишида иккита йўл бўлган. Бири нисбатан узоқроқ, лекин хавфсиз йўл Сирдарё кечувидан сўнг шимолга, Бенакет (Шоҳруҳия) шаҳрига, ундан Харашкентга, кейин Чоч пойтахти Бинкетга борган. Иккинчи йўл дарёдан ўтмасдан унинг чап қирғоғи бўйлаб, ўрта асрларда Хушкет деб номланган ҳозирда Сайхунободдаги Нурота ёдгорлигигача бориб, сўнгра кечувдан Бенакет (Шоҳруҳия)га чўзилган. Бу ҳақда IX-X асрда яшаб ўтган араб географлари Хордадбеҳ ва Истахрийлар ёзиб қолдирган. Эски Ховос учун Шўрбулоқсойдан канал қазиб, сув чиқарилган. Ушбу канал 1812 йилгача фаолият кўрсатган.

Ўзбекистон Фанлар Академияси, Археология институти, Сирдарё археология гуруҳи томонидан 2003-2004 йилларда Эски Ховос ёдгорлиги ҳудудидан милоддан аввалги III асрга оид ғиштли девор қолдиқлари топилган. Ушбу ёдгорликда 2014 йилда олиб борган археологик тадқиқотлари натижасида милоддан аввалги II-I асрга оид Анахита ҳайкалчаси ва XII асрга оид яшил рангда сирланган қора чироқ топилган. Бу топилманинг балдоғига ҳумо қуши тасвирланган.

Эски Ховос ўрта аср манбаларида ҳам тилга олинади. Унда ёзилишича, 1003 йил сомонийлар давлатининг амири Абдуиброҳим билан қорахонийлар илоқи Носир ибн Али ўртасида Ховос қалъаси ёнида жанг бўлади. Жангда амир Абдуиброҳим ғолиб чиқади. Ривоятларда Абдуиброҳим асли ховослик бўлган дейишади. Жангларда енгилмаганлиги сабабли унга ал Мунтасир (арабча Енгилмас) деган ном беришган. Кейинчалик ушбу саркарда Туркманистоннинг Керки шаҳри яқинида ўлдирилган. Керки шаҳрида унга атаб улуғвор мақбара қурилган.

Академик В. В.Бартольднинг ёзишича, 1366 йил Амир Темур амир Ҳусайнга қарши курашда Ҳисор ҳокими Кайхусрав билан яқинлашади. Кайхусрав Тошкентдан 2 минг кишилик қўшини билан келиб, Ховосда турган Амир Темурга қўшилади. Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида ёзилишича, Амир Темур ҳозирги Мирзачўл ерларида амир Ҳусайннинг сон жиҳатдан устун бўлган қўшинини тор-мор этган.

Ховосда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам бўлган. “Бобурнома”да Бобур Шоҳруҳия ва Ўратепа оралиғидаги Ховос қишлоғида бўлган жангда Умар шайх Султон Аҳмад Мирзодан мағлуб бўлган. XV асрнинг иккинчи ярмида Ховосда Абдураҳмон Жомий ва Хожа Аҳрор Валий бўлган. XVIII-асрда Самарқанд ўзаро урушлар натижасида ҳувиллаб қолганда у ерга ховосликлар кўчиб борган.

Бухоро амири Музаффар чор Россияси қўшинларидан Сирдарё соҳилларида (1866 йил) енгилиб, кечқурун Ховос қишлоғида тўхтаб, 200 минг кишилик қўшинини маҳаллий аҳолининг уйларига жойлаштирган. Эски Ховосдаги ҳаёт 1953 йилгача давом этган.

X аср охири – XI асрнинг I-ярмида Уструшонадан Чочга 2 та йўл Сирдарё бўйлаб Ховос орқали Самарқанд – Зомин – Ховос – Бинокат йўналишида фаолият юритган. Бу йўл IX-X асрларда “Эски Бинокат йўли” деб номланган. Ушбу йўлда Ховосдан чиққан карвон Сирдарёнинг чап қирғоғи бўйлаб бориб, Бинокат шаҳри рўпарасидаги кечув орқали Шошга ўтган. Кечувнинг чап қирғоғида Бинокатнинг қарама-қарши томонида ҳозирги Сайхунобод тумани Нурота қишлоғида Хушкат шаҳри қад кўтарган.

Шаҳар уч қисмдан Арк (7,5 гектар), шаҳристон (40-45 гектар) ва работдан иборат бўлган. Арк ва работ қисмлари бузиб юборилган. Фақат шаҳристон қисмидан 7,5 гектар жой қабристон бўлганлиги сабабли сақланиб қолган. Шаҳарда ҳаёт IX аср охирларида бошланиб, XVI асрнинг I-ярмигача давом этган.

“Буюк ипак йўли”да жойлашганлиги, шунингдек, Шошга ўтувчи кечувда жойлашганлиги сабаб шаҳар тез ривожланган. Шаҳар аҳолисининг бир қисми қайиқчилар бўлган. Улар дарёдан ўтувчиларни ва юкларни қайиқларида олиб ўтиб қўйган. Хушкет Шошнинг чегарасида жойлашгани туфайли, бу ерда муҳим божхона бўлган. Чунки Шош ўлкаси тоғ-кон маъданларига, жумладан кумуш конларига бой бўлган. Давлат марказига кумуш айнан, Шошдан Хушкет орқали Сўғдга олиб борилган. Сомонийлар давлати томонидан зарб этилган кумуш тангалардан ҳатто узоқ Европада ҳам фойдаланишган. Сомонийлар давлатида қул савдоси ўта сердаромад соҳа ҳисобланган. Қуллар нафақат бойлар уйида, давлат армиясида ҳам хизмат қилган. Қуллар асосан Дашти Қипчоқ чўлларида ҳаёт кечирган туркий қавмлардан турли йўллар билан олинган. Улар ҳам давлат марказига юқоридаги кечув орқали жўнатилган. Шу сабабли ҳам бу икки сердаромад савдодан махсус бож олинган.

Хушкат 1219 йили Чингизхоннинг лашкарбошилари Оллоқнўён ва Сукэту Чэрби бошчилигидаги 5 минг кишилик қўшин томонидан вайрон этилган. Шаҳар аҳолиси Бинокатдан фарқли равишда мўғил босқинчиларига қаршилик кўрсатади. Тамоман вайрон этилган шаҳар 1391-1392 йиллари Амир Темур томонидан тикланган. Соҳибқирон вилоят ҳудудида бунёдкорлик ишларини олиб борган. Амир Темурнинг невараси Улуғбек даврида Хушкат карвон йўлидаги муҳим шаҳар ҳисобланган. 1503 йил шаҳар Муҳаммад Шайбонийхон қўшинлари томонидан босиб олинади. Бироқ шаҳарда ҳаётнинг сўниши бу воқеа билан эмас, балки минтақалараро ва халқаро савдо йўли бўлган “Буюк ипак йўли” нинг ўз фаолиятини тўхтатиши билан боғлиқ.

Эски Ховос, Хушкат қолдиқлари, Сардоба туманидаги Ёғочли Сардоба ва бошқа тарихий обидалар ўтмишда қуш учса қаноти куяди дея таърифланадиган Мирзачўл ва унинг теграсида ҳаёт қайнаганидан дарак беради. Жонажон Ватанимизнинг ҳар қарич ерида фахрлансак арзийдиган тарих мужассам эканини ифода этади.

Солижон ҚУДРАТОВ,

Гулистон давлат университети доценти,

тарих фанлари номзоди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?